
Ўзбекистонда мухлиси энг кўп бўлган клуб қайси? Албатта, «Пахтакор». Яқин яқингача бундай савол бизга риторик туюлар ва иккиланишсиз шундай жавоб берардик. Ахир бутун халқ жамоаси бўлган «Пахтакор»дан ҳам қадрли жамоа бўлиши мумкинми ўзбек мухлиси учун? 1979 йилги ҳалокатни кўрган, ўз қаҳрамонларини аламли тарзда йўқотган мухлис бошқа жамоага мухлислик қилиши мумкинми? Мумкин экан. Қандай ҳолатда дейсизми? Ўша жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳеч бир хислати билан ўша қаҳрамонларни эслатмаса…
БИРИНЧИ ҚИСМ. МАРКАЗЛАШИШ

Мустақилликнинг илк йилларидаёқ Ўзбекистонда футбол бўйича мамлакат чемпионати йўлга қўйилди. Чунки бизда футбол аллақачон оммалашиб бўлганди. Бошқа соҳалар ва бошқа спорт турлари энди оёққа тура бошлаётган вақтда футболчиларимиз Осиёда тенгсиз бўлишди. Чунки бизнинг футбол ўтган асрнинг бошидаёқ шакллана бошлаганди. Дунёнинг барча нуқталарида ҳам футболни биринчи рақамли спорт сифатида ардоқлашмайди. Ҳатто ўша футбол ватани Англияда ҳам регбини футболдан устун қўйишади баъзилар. Мана шундай футболни севадиган халқнинг энг суюкли жамоаси «Пахтакор» эди. Ҳа, айнан ЭДИ. Бу жамоанинг халқаро ўйинларига бутун республикадан мухлислар оқиб борарди. Ҳозир эса битта футбол юлдузи олдида уялиб қолмаслик учун олийгоҳ талабалари стадионга мажбурлаб олиб кирилмоқда. Бироқ ҳозир бу ҳақда гаплашмоқчи эмасмиз.
Хуллас, миллатнинг бош жамоаси ҳурмати нолинчи йиллар аввалида пасая бошлади. Ажойиб кунларнинг бирида футболимиз расмийлари терма жамоани бир клуб асосида ташкил этишни таклиф қилишди. Бу клуб сифатида «Пахтакор» танланди. Республика клубларидаги энг яхши футболчилар «Пахтакор»га жамланди. Оқибатда чемпионатда ҳеч қандай рақобат қолмади. Фарғонанинг «Нефтчи» клуби узоқ қаршилик қилолмади. «Пахтакор» футболимиздаги монополик жамоага айланди ва оқибатда уни ёмон кўриб қолишди. Бироқ бу ҳали бошланиши эди.
ИККИНЧИ ҚИСМ. БАБАЯН ДАВРИ

«Пахтакор»нинг «шонли даврлари» ўтаётган бир вақтда футболимизга Самвел Бабаян деган шахс кириб келди. Уни футболнинг ичидан бироз хабари бўлганлар Ўзбекистон чемпиони бўлган «Навбаҳор»нинг менежери сифатида билишарди. «Пахтакор»да ҳам уни менежер сифатида таништиришарди. Бироқ у захира ўриндиғида ўтирар ва футболчиларга кўрсатма берарди. У нимагадир бош мураббий бўлишни истамас ва бу ишни қоғозда Равшан Ҳайдаров, Виктор Жалилов каби ёрдамчиларига топширарди. Бироқ барча нарсани у ҳал қиларди. Бабаян ҳакамларга хоҳлаганича бақирар, ўзи истаган исталган номақулчиликни ҳеч иккиланмай амалга оширарди. Аста-секин футбол федерациясининг ишончига кирди ва у ерда ишлай бошлади. Бир таниқли журналист ўз мақоласида шундай ёзганди: «Бабаян эрталаб федерацияга бориб, ўйинларга ҳакамларни тайинлаб келади, кейин эса «Пахтакор»га бориб, кейинги ўйинга тайёрланади».
















