Спиртли ичимлик чумолидек жонни ҳам шердай қилиб қўйишини биламиз. Баҳром Абзамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) озгина дилхираликни ана шу заҳри қотил билан енгмоқчи эди. Оқибатда, “шер” бўлди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Қишнинг чилласидан суғорилган буғдойнинг ҳосили мўл, мазаси ўзгача бўлади, дейишади. Чортоқ туманининг юқори қишлоқларидан бўлган Боғистондаги фермер хўжалигидаги буғдойзорда сув тараб, баданидан совуқ ўтган йигитлар “Дамас”га чиқиб исиниб, гурунглашиб ўтиришарди. Шу пайт одатдагидан анча юқори тезликда келган “ВАЗ-2106” уларга яқин жойда тўхтади. Ундан тушган ҳайдовчи бирданига бақир-чақир қила кетди. Йигитлар ҳайрон, бирин-кетин машинадан тушишди.
- Баҳром-ку?.. – деди Жамшид Ҳомидов.
- Ҳа, ўша, - деди шерикларидан бири.
Баҳром худди биров ёмон айб қилиб қўйган-у, шу тобда уни “бир ёқли” қилиши лозимдек жазава билан кела бошлади. Худди шу ўйга борган йигитлар ҳадик ва хавотирда бир-бирларига қараб елка қисганча қотиб туришарди.
- Ичганми, нима бало?! – деди Дўстбек Мадрайимов беихтиёр.
- Ким билсин?.. Кетдик, бир бало бошламасин.. – қўшимча қилди Икром Акромов.
Аммо улар ортга қайтиб бир қадам ташлашолмади. Баҳромнинг важоҳатли ҳайқириғи уларни тўхтатди:
- Тўхтанглар!!!
У қуюндек келиб, йигитларга юзланди.
- Сенлар йўқолларинг! – деди у Дўстбек ва Икромга ўқталиб. Кейин Жамшидга ўқрайди. – Менинг манавинда ишим бор!
Баҳром тўсатдан Жамшиднинг ёқасига ёпишди. “Ҳе йўқ-бе йўқ” юз бераётган бу ҳолатдан саросимага тушган йигит бироз ўзини йўқотди.
- Аввало, тилингни тийиб ол! – деди у бўралаб сўкинаётган Баҳромга қараб. – Қолаверса, сен билан ади-бади айтишиб ўтиришга вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ...
- Қўрқасан-да, а? Шунақа, ҳисоб-китобга келганда думингни тугиб қоласан. Билиб қўй, сени ўлдирмай қўймайман! Биласан-а, сени ёмон кўраман!
На айби, на хатосини англаган Жамшиднинг бу гапдан дили оғриди. Қачонлардир у билан арзимас тортишув бўлиб ўтгани хаёлидан ўтди. Аммо...
Рақибининг оёқости қилиб ҳақоратлашларига чидолмаган йигитнинг мушт бўлиб тугилган қўллари бехос кўтарилди. Ажратмоқчи бўлган йигитларни туртиб четга сурган Баҳром Жамшидни машинага тортқилади.











