«Трибуна» Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида сешанба оқшомида ўтказилган 5-тур ўйинларини сарҳисоб қилади.

E гуруҳи
Испания жанубида жазирама

Севилья – Ливерпуль – 3:3
Голлар: Бен Йеддер, 51, 60 - пенальти. Писарро, 90+3 – Фирминьо, 2, 30. Мане, 22

Куннинг энг қизиқарли учрашуви Севильяда ўтказилди. Испания жанубида жойлашган бу шаҳар кўчалари ўйин куни икки жамоа мухлислари билан тўлиб тошди. Улар ким зўрроқ тўполон кўтариш бўйича баҳсга киришиб кетишганди.

Мухлисларнинг ташаббуси майдонда футболчилар томонидан ҳам давом эттирилди. Икки бўлим икки хил кечди. Биринчи бўлимда «Ливерпуль» тўлиқ устунлик намойиш этди ва майдон эгаларининг ҳар хатосини гол билан жазолай бошлади. Фирминьо ва Мане эгизак голлар уришди. Фирминьо бўлим охирида марказий ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб яна бир бор дарвозани ишғол этди.

Танаффусда мезбонлар устози Эдуардо Бериссо ўз футболчиларини руҳлантириш учун шундай деди: «Биз энди рақибга ўз майдони ҳудудидан чиқишга изн бермаслигимиз керак. Тузатилмайдиган хато йўқ».

Майдонга бошқача куч билан қайтган испанлар тезда иккита жавоб голи йўллашди. Иккинчи бўлимнинг 15 дақиқаси ичида Бен Йеддер дубль қайд этишга улгурди.

Шундан сўнг Клопп жамоаси ўзига кела бошлади ва ҳужумкор ўйин намойиш этди. Клопп ўз фаолиятида «Севилья»ни илк марта енгишга яқин келганди (у «Боруссия» ва «Ливерпуль» бошқарувида бу клубга қарши шу вақтгача 6 ўйин ўтказиб, 3 мағлубият ва 3 дуранг қайд этганди) аммо статистика ўзгармасдан қолди. Писарро ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда учинчи голни урди. Испанчасига айтганда «ремондату».

Ўша-ўша «Спартак»

Спартак - Марибор 1:1