Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзув KUN.UZ таҳририятига етиб келди.
Раҳматуллаев раҳбарлигидаги ушбу йиғилиш ўтган ойда, Андижондан Тошкент вилоятига поезд орқали минглаб теримчилар олиб келинганидан кейинги кунларда бўлиб ўтган. Аудиоёзувдан билиш мумкинки, шаҳар ҳокими пахта теримига белгиланган миқдорда теримчи жўната олмаган директорларни бирма-бир турғазиб, йиғилганлар олдида турли қўпол сўзлар билан сўкади ва ҳақоратлайди.
27 дақиқалик аудиофайл Раҳматуллаевнинг тилга олиб бўлмас сўкинчли сўзлари билан тўлиб-тошган.
«Ҳокимиятнинг кучини кўрсатиб қўяман сенларга. Бир жойимни қисиб юрувдим, очиғи. Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганманда, она товуққа ўхшаб буларни ёнимда олиб юровурганман. Булар бошқармаси билан юровурсин, бошқармасини айтганини қилсин, десам булар бошқача қилди. Қани, Маъруф ким билан ишлайсан экан. И***с, шу пайтгача сен демовдим. Ҳаммангни биламан». Бу унинг Андижон тиббиёт коллежи директори Маъруф Бувабековни таҳқирлаш давомида айтган энг юмшоқ сўзларидир.
Асли ўзи ҳам ўқитувчи бўлган, кейинроқ 11 йил давомида Андижон вилояти халқ таълими бошқармасида ишлаган Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилда Андижон шаҳри ҳокимига айланди.
Бу ҳоким шу йилнинг августида KUN.UZ нашри билан суҳбатда мухбирнинг таълим соҳаси ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилиши кўп йиллардан бери кузатилиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, янги ўқув йилида бундай салбий ҳолатлар такрорланмаслигига ваъда қилганди.
Аммо у ҳам, ўша кунларда у каби ваъда берган бошқа ҳокимлар ҳам (Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари шу жумладан) одамларни алдагани маълум бўлди, барча ҳудудларда таълим соҳаси ходимлари пахта теримига жалб этилди.
Натижада ҳокимларнинг ваъдасини олиб берган ОАВ ҳам халқнинг ишончини йўқотди.















