Ўзбекистон | 18:20 / 24.11.2017
200691
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона эшак гўшти ишлатмоқчи бўлгани фош қилинди

Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган «Шаршара» бренди остида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Gold Premium Product МЧЖга тегишли корхона кўздан кечирилганда, 69,6 кг. эшак гўшти бошқа гўшт турларига қўшиб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда ишончли маълумотга таянган ҳолда Kun.uz мухбири хабар берди.

Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Р. ҳамда Ғ.А. режасини амалга ошириш учун хоразмлик С.Ж. орқали 69,6 кг. миқдоридаги эшак гўштини «Шаршара» гўшт ишлаб чиқариш корхонасига ўтказмоқчи бўлган. Бу ишни бажариш учун гўшт А.А.га етказиб берилган. Мазкур гўштни қабул қилиб олган цех ишчилари уни ўша заҳотиёқ бошқа турдаги гўштларга қўшиб юборади.

Тадбир давомида цех кўздан кечирилганда, кўриниши ва ҳидидан сифатсиз маҳсулотга айланган 275 кг. гўшт маҳсулоти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Санитар эпидемиология назорат маркази ахборот хизматининг Kun.uz'га хабар қилишича, корхонадан олиб қўйилган 275 кг. гўшт ҳақиқатан истеъмолга яроқсиз экани экспертиза хулосаси орқали тасдиқланди.

Мазкур иш юзасидан цех ишчилари Р.Ғ., Н.З., фуқаро А.А ва С.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 186-моддаси 1-қисми, яъни «истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш»да айбланиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид