Дам олиш кунлари бизга ишдан чалғиш ва оила ҳамда дўстлар даврасида ҳордиқ чиқариш учун берилади. Аммо бу борада қонунчиликдаги ўзига хос жиҳатларни билмаслик, дам олиш ҳуқуқидан маҳрум этиши мумкин, деб ёзмоқда Norma.uz.

Қонунчиликда дам олиш вақтига шундай таъриф берилган: “Дам олиш вақти — ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган ва бундан у ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир” (МК 126-модда). Сирасини айтганда, одамнинг иш жойида бўлмаган ва иш ҳақида ўйламаган ҳолати дам олиш ҳисобланади.

Агар Сизнинг касбингиз дам олиш ва байрам кунларини иш режимида ўтказишни тақозо қиладиган бўлса, дейлик, бошловчи ёки тўй ташкилотчиси бўлсангиз — бу сизнинг танловингиз саналади, яъни пул ишлаб топиш учун Сиз ихтиёрий равишда танлаган усул. Аммо дам олиш куни ишга чиқиш сўралганлар ёки шунга мажбур этилганлар-чи? Улар қандай йўл тутиши керак?

Биринчидан, бундай таклифга ҳеч иккиланмай, рад жавобини бериш мумкин. Чунки қонунчиликка кўра, ташкилот ёки корхоналар ва тадбиркорлар дам олиш кунлари ёки байрам кунлари ўз ходимларини ишлатиши тақиқланган (МК 130-модда).

Иккинчидан, иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

Қуйидаги ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилмайди:

•  ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни (МК 228-модда);
•  18 ёшга тўлмаган шахсларни (МК 245-модда);
•  ногиронларни (дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади) (МК 220-моддаси 5-қисми).

Бундан ташқари, гарчи дам олиш ёки байрам куни ишга чиқишга розилик берган бўлсангиз-да, ушбу ҳолатнинг ижобий томони ҳам мавжуд: иш берувчи Сизнинг режалаштирилмаган ишингизни икки ҳисса қилиб қоплаши ёки дам олишингиз учун бошқа бирор кунни таклиф этиши даркор (МК 157-модда).

Компенсациянинг аниқ миқдори эса жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда белгиланиши кўзда тутилган. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.