Самарқандга етиб келган Туркиялик журналистлар учун кеча кўҳна ва навқирон шаҳарнинг диққатга сазовор қадимий жойларига экскурсия уюштирилди.

Аввало улар қадимий шаҳарнинг бош майдони — Регистонга боришди. Уларга майдондаги мадрасаларнинг яратилиш тарихи, уларда ишлатилган ёзувлар ва нақшлар ҳақида сўзлаб берилди. Кошинларни безаб турган нақшларнинг қай тарзда яратилиши устахонада кўрсатиб берилди.

«Регистон» майдонининг улуғворлигидан ҳайратга тушган «Йени бирлик» газетаси мухбири Муса Алиўғли шундай деди:

— Ўзбекистон ота юртимиздир, бу табаррук заминда бўлиш биз учун юксак шараф. Бизни қардошлардек кутиб олишгани ва меҳмондўстлик кўрсатилаётгани қувонтирмоқда. Ўзбекистон бизга қардош давлат. Тил борасида ҳам бирор қийинчилик вужудга келаётгани йўқ. Ҳали самолётда учиб келаётиб, самолёт саҳнидаги журналларни варақлаб, ўзбек тилида битилган матнни бемалол 70-80 фоизини ўқиб тушунишимни англадим. Чунки ўзбек тили туркий тиллар ичида Туркия туркчасига энг яқин тиллардан бири.

Гўри Амир мақбарасига ҳам саёҳат уюштирилди. Меҳмонларга Амир Темурнинг туркий халқлар тарихида тутган ўрни ҳақида сўзлаб берилди.