Англия чемпионатининг 14-туридан турнир жадвали юқорисидаги жамоалар йўқотишларсиз ўтиб олди. 

«Арсенал» бу турда «Ҳаддерсфилд Таун»ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Лондондаги «Эмирейтс — Эшбертон Гроув» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. «Канонирлар» турнирда қаторасига учинчи ғалабага эришди.

Ўйиндаги голларга Александр Ляказетт, Алексис Санчес, Месут Ўзил ва Оливье Жиру (дубль) муаллифлик қилишди.

Бу ғалабадан кейин Арсен Венгер шогирдлари очколари сонини 28тага етказиб, тўртинчи ўринда мустаҳкам жойлашган, мавсум дебютанти, ўтган турларда «Манчестер Юнайтед»ни енгган ва «Манчестер Сити»га қарши тенгма-тенг ўйин кўрсатган «Ҳаддерсфилд» эса 15 очко билан 14-поғонада.

«Манчестер Сити» Англия чемпионатининг 14-турида «Саутҳемптон»га қарши ўйнади. Манчестердаги «Этиҳад Стэдиум» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи бўлим бошида Кевин Де Брюйне жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвозанинг яқин бурчагига йўллади, тўп ҳимоячига тегиб, дарвоза тўрига йўналди. 75-дақиқада Софьян Буфаль Ориоль Ромеуни қулай вазиятга чиқарди ва ҳисоб тенглашди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Раҳим Стерлинг ғалаба голини урди ва Гвардиола жамоаси йўқотишсиз давом этишини таъминлади.

Бу қийин ғалабадан кейин «Манчестер Сити» турнир жадвалида 40 очко билан пешқадамликни давом эттирмоқда, «Саутҳемптон» 16 очкоси билан 11-поғонада жойлашган.

«Арсенал» ва «Манчестер Сити» ортидан «Челси» ҳамда «Ливерпуль» ҳам навбатдаги очколарга эга бўлди.

Лондон жамоаси ўз уйида «Суонси»ни қабул қилди ва 55-дақиқада ҳимоячи Антони Рюдигер урган ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Бу натижадан кейин Конте шогирдлари турнир жадвалидаги учинчи ўринни сақлаб қолди (29 очко).

«Ливерпуль» бу турда «Сток Сити» майдонига сафар қилиб, рақибга ҳеч қандай имкон қолдирмади - 3:0. Ўйинга иккинчи бўлимда қўшилган Салоҳ иккита гол урди ва турнир тўпурарлари рўйхатида яққол етакчига айланди, яна бир голни Садио Мане ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Бу ғалабадан кейин Юрген Клопп жамоаси турнир жадвалида 26 очко билан бешинчи ўринда бормоқда.

14-турнинг яна бир учрашувида «Эвертон»  «Вест Ҳэм Юнайтед»ни йирик ҳисобда таслим этди (4:0). Ўйинда Уэйн Руни ҳет-трик қайд этди. Бу Сэм Эллардайснинг ўзига хос қайтишига айланди.