Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Янги вазирликнинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилар хисобланади:
а) давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий этиш соҳасида:
- инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқишни, давлат ва жамият бошқаруви тизимини ривожлантириш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш;
- давлат-хусусий шериклик механизмларини, энг аввало, инфратузилма объектлари ва ресурслар энг кўп сарф қилинадиган тармоқларда кенг жорий этишга кўмаклашиш;
- долзарб муаммоларни, энг аввало, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигининг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқиш;
- жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
б) иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида:
- мамлакатимиздаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни тарғиб қилиш ва улардан амалий фойдаланишнинг механизмларини шакллантириш, бозорнинг тез ўзгарувчан жаҳон конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш;
- атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтириш имконини берувчи экологик тоза технологияларни қўллаган ҳолда унумдорликни оширишни назарда тутадиган «яшил иқтисодиёт» технологияларининг принципларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш;
- республика инновацион салоҳиятининг, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, технопарклар, шунингдек, логистик хаблар фаолияти самарадорлигининг ўсишига фаол кўмаклашиш;
- макроиқтисодий, солиқ-бюджет, пул-кредит параметрлари, шунингдек, интеграция жараёнларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш билан ўзаро боғлиқликда иқтисодиёт тармоқларини ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш сценарийларини шакллантиришга кўмаклашиш;
















