Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига имзо чекди.
Ҳужжатга берилган расмий шарҳда қайд этилишича, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, «Хабеас корпус» институтини қўллашни кенгайтиришни назарда тутувчи 50дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш тартибининг бекор қилингани суд ва тергов органларининг ҳақиқатни ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш имконини берди.
Натижада фақатгина 2017 йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, ваҳоланки охирги беш йилда атиги 7 нафар шахс оқланган. Бундан ташқари, жорий йилда дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3 511 та жиноят иши тугатилган.
Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижаларини умумлаштириш қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлигидан далолат бермоқда.
Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, аҳолининг асосли эътирозига, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг холислигига ишончи пасайишига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Президенти томонидан асосий мақсади суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш, қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларнинг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлашдан иборат бўлган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 11-моддасига мувофиқ қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.














