Интернетда «суперой»нинг видеоси тарқалди
Якшанба, 3 декабрь куни кечқурун юлдузли осмонни кузатишни яхши кўрадиган барча «суперой» ҳодисасини кўриш имконига эга бўлди. Бунда Ернинг йўлдоши одатдагидан каттароқ ва ёрқинроқ кўринади. Американинг ABC телеканали Қўшма Штатларнинг Род-Айленд штатида Ойнинг ботиши тасвирланган ва тезлаштирилган видеоёзувни эълон қилди.
Би-би-си’нинг Қироллик астрономия жамияти мутахассиси Роберт Мэссига таянган ҳолда хабар беришича, тўла Ой туннинг қоқ ярмида жуда ёрқин кўринган, бу пайтда у осмондаги энг юқори нуқтага етди.
Бироқ, ҳажмдаги 7 фоиз ва ёрқинликдаги 15 фоизлик фарқ оддий Ой билан таққослаганда махсус асбобларсиз кузатган одамлар учун жуда сезиларли бўлмаган.
Бу сафар Ернинг йўлдоши бизга 358 499 километрлик масофага яқинлашди – бу одатдагидан 26 минг километрга яқинроқдир.
Ўтган йили эса Ой Ерга 1948 йилдан бери илк марта энг яқин масофага келган, ҳамда кейинги сафар бундай ҳодиса фақатгина 2034 йилнинг 25 ноябрь куни юз беради.
NASA якшанба кунги ҳодисани «суперой трилогиясининг» биринчи қисми деб атади, сабаби феномен уч ҳодисага чўзилади. Ойнинг Ердан минимал масофада бўлиб турганида яна иккита шундай ҳодиса кузатилиши мумкин: 1 ва 31 январда.