Тадқиқотда 556 нафар талаба иштирок этган. Уларнинг сунъий интеллект ҳақидаги қарашларини ўрганиш учун олимлар эркин ассоциациялар усулидан фойдаланган. Иштирокчилардан сунъий интеллект тилга олинганда хаёлига биринчи бўлиб келадиган сўзлар ва образларни айтиш сўралган.
Кейин жавоблар таҳлил қилиниб, қайси тушунчалар кўпроқ такрорлангани ва уларнинг аҳамияти бўйича ўрни аниқланган. Бу усул талабаларнинг тасаввурларида энг мустаҳкам ўрин олган тушунчаларни ажратиб кўрсатиш имконини берган.
Натижаларга кўра, сунъий интеллект билан энг кўп боғланган тушунчалар ақл, технологиклик, ёрдам, тезкорлик ва келажак бўлган. Талабалар уни асосан инсоннинг ишини енгиллаштирадиган, вазифаларни самарали бажаришга хизмат қиладиган техник тизим сифатида қабул қилган.
Шу билан бирга, иштирокчилар сунъий интеллектнинг сунъий равишда яратилганини ва унда инсонга хос сифатлар йўқлигини ҳам таъкидлаган. Уларнинг бу қарашига кўра, сунъий интеллект «жонли ақл» эмас, балки муайян мақсадларга хизмат қилувчи воситадир.
Бироқ тадқиқотчилар талабаларнинг тасаввурларида икки хил ёндашув ёнма-ён мавжудлигини аниқлаган. Бир томондан, сунъий интеллект иш унумдорлигини сезиларли оширишга қодир технологик ёрдамчи — кучли иш механизми сифатида кўрилади. Бундай ёндашувда унинг амалий фойдаси ва вазифаларни қай даражада самарали бажариши биринчи ўринга чиқади.
Иккинчи томондан эса, талабалар сунъий интеллектга инсоний хусусиятларни нисбат беришга мойил. Масалан, улар уни фикрлай оладиган, ижод қиладиган, «ақлли» ёки, аксинча, «аҳмоқ» бўлиши мумкин бўлган тизим сифатида таърифлаган. Психологияда бундай ҳолат антропоморфизация, яъни инсон бўлмаган нарсага инсоний хусусиятлар бериш деб аталади.
Сунъий интеллектга нисбатан умумий муносабат ижобий бўлишига қарамай, талабалар орасида хавотирлар ҳам бор. Улар технологиянинг келажакдаги имкониятларини тан олса-да, унинг ишончлилиги ва хавфсизлигига доир саволлар очиқ қолмоқда.
«Талабаларнинг умумий муносабати ижобий бўлса-да, уларда жиддий хавотирлар ҳам бор. Сунъий интеллектнинг келажакдаги салоҳиятини тан олишига қарамай, кўпчилик унинг ишончлилиги ва хавфсизлигига шубҳа билдиради», — деди Тюмен давлат университети Таълим мактаби профессори Инна Василева.
Унинг таъкидлашича, бу масалалар алоҳида эътибор талаб қилади.
Психологлар талабаларнинг сунъий интеллект ҳақидаги тасаввурлари асосини иккита тоифа ташкил этишини қайд этган: «Техника — виртуаллик қутби» ва «Функциялар». Яъни талабалар учун сунъий интеллектнинг нимага асослангани ва қандай вазифаларни бажариши муҳим. Бу эса уни, биринчи навбатда, самарадорликни оширишга хизмат қилувчи сунъий восита сифатида қабул қилишларини кўрсатади.













