Самарқандда автоталончилар ушланди
Инсон ёши улғайган сари дунёқараши кенгайиб, ақли тиниқлашиб боради. Илгари қилган хатоларидан хулоса чиқариб, қайта такрорламасликка уринади. Аммо, барча бирдек эмас. Самарқанд шаҳрида яшовчи Сарвар ва Азимжон бирор касб-ҳунарни эгаллаш, ҳалол пул топиб, рўзғор тебратиш ёшига етган. Бироқ, улар ўғирлик қилиб, бир неча бор судланишган, қилмишларига яраша жазо олишган. Афсуски, уларнинг “кўзи очилмади”. Яна жиноятга қўл уришди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
“Бўстонсарой” кўчасидаги кўп қаватли уйлар ёнида қаровсиз қолдирилган “Нексия” уларнинг ўлжаси бўлди. Улар автомашинанинг орқа эшиги ойнасини синдириб, салондаги ноутбук ва 185 минг сўм пулни олиб кетишди. Йўлларида давом этган ўғрилар энди қаровсиз қолдирилган “Каптива” русумли автомашинага кўз тикишди. Автомашина эшиги ойнасини синдиришди. Аммо машина ичидан қўлга илинадиган ҳеч нарса топишолмади. Шундан сўнг “ов”ни тўхтатишди.
Эртасига ҳам тун ярмидан ошганда “ов”га отланишди. Бу сафар шаҳардаги шифохоналардан бирининг автотураргоҳида турган “Нексия” уларнинг ўлжасига айланди. Автомашина эшигини бузиб, ичидан 900 минг сўм пулни олиб кетишди.
Ўғрилар кейинги кунларда “Малибу” русумли автомашина ичидан 500 минг сўм, 150 АҚШ доллари, яна бир “Малибу” автомашинаси ичидан 530 минг сўм, “Каптива” автомашинасидан 500 минг сўм, яна бир “Малибу”дан 18 миллион сўм пулни, бошқа бир “Каптива”дан 500 минг сўм, яна бир “Каптива”дан эса кийимлар ва 230 минг сўм пулларни ўмариб кетишди.
Ўғирланган пулларни бўлиб олишди, буюмларни эса сотиб, ўзларининг эҳтиёжларига сарфлашди. Эътибор қилган бўлсангиз, улар фақат қимматбаҳо автомашиналарни “нишон”га олишган.
Уларнинг бу юришлари узоққа чўзилмади. Жабрланувчиларнинг ёзган аризаларига биноан суриштирув бошланиб, ўғрилар ушланди. Суд Сарвар Ҳамидовга 6 йил-у 1 ой, Азимжон Ҳамроқуловга эса 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган зарар қопланадиган бўлди.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024