Афғонистонда ўзбеклар ва ўзбекчилик

Барча илғор фикрловчи инсонлар билишадики, бошқа миллатлар устидан зўравонлик қилиш асосида ва ҳаддан ташқари кучайиб кетган миллатпарастлик «шовинизм» асосида курилган ҳар қандай давлат ва бу сиёсатни амалга ошираётган ҳар қандай мафкура инқирозга учрайди. 

Бошқа халқлар «паст табақалилар» дея аталиб, улар устидан ўз миллий устуворлигига эга эканлигига ишониб яшашга асосланган ҳар қандай давлат тизими тарихан ҳалокатли. Бунга сабаб - шовинизм ва зўравонлик билан шиддатли миллатпарастликни ифода этувчи унсурлар аввало ўз давлати ичкарисида ғалаёнлар бошлаб, кўплаб бегуноҳ тинч аҳолини қурбон қилишидадир. Бу жараён оқибатида қочқинларнинг кўпайиши ва зиёли табақанинг йуқотилиши муқаррардир. Натижада бундай жойда давлат тизими инқирозга мубтало бўлади. 

Миллатпарастлик билан қилинадиган шиддатли зўравонлик ҳаракатининг кучи шу қадар ёвузки, бу куч унга дуч келганлар учун ҳам, уни бошқаларга қаратаётганлар учун ҳам нақадар хавфли эканлигини пайқамаслик мумкин эмас. Бунинг исботини кўп йиллардан буён ички низолар ва қуролли тўқнашувлар гирдобига ташланган Афғонистон мисолида кўрмоқдамиз. 

Афғонистон номли давлат ҳали дунё харитасида йўқ вақтидан бошлаб шу ҳудуд билан боғлиқ бўлган ўзбекларнинг бир неча минг йиллик буюк тарихи ва маданияти назарга илинмай, камситилиб, хўрланиб бошқа миллатлар билан тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлиб яшаш масаласи давлат қонунлари томонидан инобатга олинмай келинган эди. 

Ўзбеклар минг йиллардан буён ўз тупроқларида яшаб келаётган халқдир. Лекин Афғонистон дея номланувчи ҳудудда яшаётган ўзбеклар охирги 200-300 йилдан буён ҳеч бир ижтимоий-сиёсий ҳақ-ҳуқуққа эга бўлган эмас. Ҳаттоки ҳозирги кунда ҳам Афғонистон тупроқлари тарихан ўзбекларнинг ўз Ватани эканлиги писанд қилинмай, ўзбек халқининг маданий ва маърифий қадриятлари камситилган мақомда. Афғонистонлик ўзбеклар асрлар давомида шундай жуда мураккаб тарихий вазиятлар қуршовида. 

Аслида эса:

1. Афғонистон ҳудудида жойлашган бир неча минг йиллик тарихий аҳамиятга эга меъморий ёдгорликларнинг ҳақиқий меросчиси ва маънавий эгаси Афғонистонда яшаётган ҳозирги ўзбек миллатидир;

2. Афғонистондаги ўзбеклар сони қанчалик камайтириб кўрсатилмасин, 7-8 миллиондан ошиб кетганлиги кўпчилик мутахассисларга маълум. Ўзбекистондан сўнг, сони жиҳатидан Ўзбекистон ташқарисида яшайдиган ўзбеклар ичида Афғонистон ўзбеклари дунёда биринчи ўринда туради. Афғонистондаги ўзбеклар миллат сифатида шаклланган ўз ерларида яшаб келмоқда;

3. Ўзбек тили Ўзбекистондан ташқари, фақат Афғонистонда расмий давлат тили деб тан олинган;