KUN.UZ таҳририятига Сурхондарёнинг Бойсуни туманидаги «Инкабод» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли шу номдаги қишлоқдан мурожаат келиб тушди.
Қишлоқнинг нуроний отахонлари томонидан имзоланган мурожаатга кўра, қишлоқда ичимлик суви таъминоти яқин 10 йил ичида катта муаммога айланган, ичимлик суви, ҳатто чорва учун ҳам Бойсундан сув ташувчи машиналарда келтириб сотилади. Шунингдек, маҳалла аҳли чорва қорамоллари сув ичадиган чашманинг бошида Бойсун шаҳрининг чиқиндихонаси қурилганидан шикоят қилишган.


Мурожаатни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани Инкабод қишлоғида бўлдик. Шуниси ҳайратланарлики, ичимлик сувидан шикоят қилган Инкабод қишлоғи ўртасидан ўтган катта йўлнинг икки четида Омонхона сувлари сотилиб турибди. Ҳа, ҳа, ўша машҳур, қадоқланган «Омонхона» шифобахш сувлари.

«Маҳалла фуқаролар йиғинимизда 870 хўжаликда 3700 киши беш қишлоқ — Омонхона, Инкабод, Паданг, Чорбоғ ва Қиякамар қишлоқларида истиқомат қилади, — дейди «Инкабод» МФЙ раиси, кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнир совриндори Фарҳод Жўллиев. — Кўриб турибсиз, қишлоқларимиз ораси узоқ. У бошидан бу бошига бориш учун 25 км.га яқин йўл босиш керак. Дарҳақиқат, фақат Паданг ва Омонхона қишлоқларида ичимлик суви билан аҳвол бирмунча яхши. Қолган қишлоқларимизга Бойсундан келтириб сотилади», деди у.

Инкабоддан Омонхонагача 12 км. У ердаги чиқаётган ичимлик суви зиёратга келганлар ва санатория эҳтиёжларидан ортмайди. Шунингдек, у қадоқланиб сотилади.

Илгари Инкабод қишлоғига Падангдаги Тўраназар ота зиёратгоҳи яқинидаги иккита чашмадан қувур орқали сув келтирилган. Қишлоқда ҳамон сув тўпланувчи минора бўй кўрсатиб турибди. «Биз чашмадан қишлоқ марказигача олиб келинган сувни флягаларда уйимизгача ташир эдик», дейишди улар.






















