Ўзбекистон | 00:46 / 15.12.2017
51336
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Иссиқ-кўлдаги қайси пансионатлар қайтиб берилди?

2016 йил апрелда Ўзбекистоннинг Иссиқ-кўлдаги 4 та пансионати – “Олтин қумлар”, “Роҳат НБУ”, “Дилором” ва “Бўстон” Қирғизистон ихтиёрига ўтганди. Бундай қарорни Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев қабул қилган.
     
Ўзбекистон ушбу пансионатларнинг қайтарилиши бўйича халқаро арбитраж судига ариза топширган. Аниқланишича, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистонга келганда янги келишувни тузишни таклиф қилиб келишмовчиликни ҳал қилишга ҳаракат қилган.

Келишувга кўра, пансионат ерлари Қирғизистон мулки бўлиб қолади, пансионатлар эса Ўзбекистонга қайтарилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон пансионатларга ҳуқуқлар расмийлаштирилгандан кейин уларни йил бўйи ишлаш имконияти билан 3-4 юлдузли даражага етказиши керак бўлади.    

Қуйида Ўзбекистонга қайтарилаётган пансионатлар ҳақида маълумотлар келтирилган.

“Олтин қумлар”

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, пансионат “Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси” давлат акциядорлик жамиятининг филиали ҳисобланади. Бошқа маълумотга кўра, у “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга топширилган. 

Пансионат балансида 28,35 гектар ер майдони бор. Мажмуа 68 та кўчмас мулк объекти, жумладан 39 та коттеж ва 4 та корпусдан иборат.

“Дилором”

Пансионат 1985 йилда Кара-Ой қишлоғида қурилган. Айни вақтда унинг эгаси “Асака Банк” тижорат банки ҳисобланади. Пансионатнинг ер майдони 21,77 гектардан иборат. 

Мажмуа 75 та кўчмас мулк объекти, жумладан 45 та коттеж, 4 та корпус, сув ҳавзаси, ошхона, тиббий пункт, гараж, сув босими минорасидан иборат.

“Роҳат-НБУ”

Пансионат муассиси Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳисобланади. Пансионат Кара-Ой қишлоғида жойлашган бўлиб, 19,05 гектар ердан иборат ва маҳаллий қишлоқ маҳкамасидан 2,7 гектар пляж-боғ майдонини ижарага олади.   

Пансионатда 49 та иншоот, жумладан, 7 та коттеж бор. 9 та объект кафе сифатида қўлланади, 3 та маъмурий корпус мавжуд. Қолган 30 та иншоот хизмат мақсадлари учун омборлар ва офислар сифатида жиҳозланган.  

«Бўстон»

Пансионатга Ўзбекистон саноат-қурилиш банки эгалик қилади. У Иссиқ-кўл вилоятининг Тон туманида жойлашган. 10,65 гектар майдонни эгаллайди.

Пансионатда 23 та қуриб битказилмаган объект мавжуд. 

Манба: 24.kg