Куз-қиш мавсуми келиши билан KUN.UZ электрон почтасига электр энергияси билан боғлиқ муаммолар битилган мурожаатлар келиши кўпаяди. Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан юборилган мазкур мактубларда электр энергиясининг узоқ вақт ва тез-тез ўчиши билан боғлиқ масалалар тилга олинади. Ўтган 2016 йилнинг мазкур мавсумида ҳам шу каби муаммолар турли мақолалар кўринишида сайт орқали эълон қилинган эди. Одамлар бу йилги ўзгаришлардан катта умид қилишганми, улар ёзган мактубларда бу ҳақида жуда кўп сўз юритилган. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Ассалому алайкум. Исмим Элдоржон. Мен Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Тошгузар қишлоғида яшайман. Қиш эшигини қоқибдики, 24 соат давомида 24 дақиқа ҳам чироқ ёнмайди. Шўртан завод ёнимизда. Шу заводнинг заҳрини ютиб яшаймиз-у, лекин газдан дарак ҳам йўқ. Ҳурматли KUN.UZ ходимлари: оддий халқ нима қилсин? Илтимос, шу ҳақда ҳам бирор нима ёзинглар, шояд фойдаси тегиб қолса...”.

“Наманган вилояти, Чортоқ тумани, Короскон шаҳарчасида яшайман. Қиш мавсуми бошланиши билан бир суткада бор-йўғи бир-икки соат электр таъминоти беришяпти. Ўзим-ку майли, аммо уйда ёш болам бор.
Президентимиз қишлоқларда ҳам чироқ ўчмасин, деб таъкидлагандилар. Ҳайрон бўладиганим – нега ҳеч ким давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига амал қилмайди? Ёки ҳокимларимиз томонидан бирор ўйин кўрсатиляптими? Пуллар чўнтакка бориб тушяптими?
Шаҳар жойларида электр энергияси билан таъминланиш зўр, уларда умуман чироқ ўчмайди. Аммо қишлоқда ўчади. Нима, қишлоқдагилар одам эмасми? Ҳақиқат қаерда? Нега бир қора халққа ҳеч ким қарамайди?!”.
“Ассалому алайкум KUN.UZ таҳририятининг ҳурматли ходимлари. Сизларга шуни маълум қиламан-ки, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, “Эсат” фуқоролар йиғинида (жами 12 та қишлоқ) яшовчи аҳоли хонадонида уч кундан буён электр энергияси умуман йўқ. Ҳурматли KUN.UZ, сизлар Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди, деб эълон қилган эдингиз. Аммо ҳозиргача қишлоқ жойларда чироқ йўқ. Нега? Сизлардан илтимос, Президентимиз ҳурматли Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, “биз халқ фаровонлиги учун хизмат қилишимиз ва биз халқ хизматкоримиз”, деган шиорга амал қилишингизни сўраймиз”.
Мурожаатларнинг яна бирида шундай дейилади:
“Ассалому алайкум. Исмим Ўткирбек. Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қиламан.










