Жаҳон | 15:32 / 19.12.2017
13068
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Қирғизистон машиналарига экологик тўлов жорий қилди

Фото: Livejournal

Қирғизистонлик ҳайдовчилар мамлакатнинг Боткен вилояти раҳбарига Боткен-Исфара автомобиль йўлида Тожикистон томонидан экологик тўлов жорий этилгани борасида шикоят қилишди.

Ҳайдовчи Таштан Эгамбердиевнинг сўзларига кўра, 15 декабрдан бошлаб ҳар бир автомобиль учун тўлов 500 дан 2500 гача сомни ташкил этмоқда.

«Бизда бир кунда максимум учта рейсдан. Агарда ҳар гал икки минг сомдан тўласак, кунига 6 минг сом келиб чиқади. Йўл учун тўлов ҳақи юз сомга тенг, бизнинг ўзимизга ҳеч нарса қолмайди. Биз ишлашдан тўхтадик, рейслар йўқ», - дейди у.

Ҳайдовчиларни Боткен вилояти ҳукуматининг ваколатли вакили Алишер Абдраҳманов қабул қилган ҳамда Тожикистон томонидан жорий этилган янгиликлар ҳақида айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон 15 декабрдан бошлаб экологик тўловни жорий қилди, тегишли қарор 29 ноябрь куни қабул қилинган. Мотоцикл кириши учун тўлов 52 сомонийга (тахминан 500 сом) тенг, енгил автомобиль учун 124 сомоний (1000 сом), микроавтобус –250 сомоний (2000 сом), юк автомобили – 300 сомоний ёки тахминан 2400 сом.

Абдраҳманов Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарияти билан Боткен-Исфара йўналиши бўйича транспорт ўтказмалари учун экологик тўлов тарифларини пасайтириш бўйича музокаралар ўтказишга ваъда берди.

Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарасида жойлашган «Қизил-Бел» ўтказиш пункти орқали ҳар куни 700-900 киши ва 80 тага қадар автомобиллар ўтади. Боткендан Исфарага йўл ҳақи эса 100 сомга тенг.

Мавзуга оид