Жаҳон | 17:20 / 20.12.2017
6683
2 дақиқада ўқилади

Дамашқда янги аэропорт қурилади

Фото : SANA

Сурия ҳукумати Дамашқда янги аэропорт қуришни режалаштирмоқда, у қарийб 50 йил муқаддам қурилган эскисининг ўрнида барпо этилади, дея маълум қилди мамлакат транспорт вазири Али Хаммуд РИА Новости’га берган интервьюсида.

"Дамашқда янги аэропорт қурилади. Ҳозирги аэропорт 1970 йилда қурилган, унда ўтказувчанлик қуввати паст. Шу сабабдан биз Дамашққа мос бўладиган янги аэропорт лойиҳасини тайёрлашни мўлжалламоқдамиз", - дея маълум қилди вазир.

Хаммуд янги аэровокзал мажмуаси аниқ қайси муддатда қурилишига ойдинлик киритмаган.

Суриядаги уруш бошланишидан аввал Дамашқ аэропорти нафақат мамлакатдаги, балки минтақадаги энг йириги ҳам бўлган. Ҳозирда 12 та самолётдан фақатгина бештаси соз ҳолатда, қолганлари жанговар ҳаракатлар вақтида зиён кўрди. Айни кунда Дамашқдан халқаро рейслар фақат Эрон, Ливан, Арманистон ва Россияга амалга оширилади.

Аэропорт директори Башар Ғафра июль ойида ҳаво қўналғаси урушга қадар тахминан тўрт миллион йўловчига хизмат кўрсатгани, ҳозирда эса бу рақам ярим миллионга ҳам чиқмаслигини хабар берганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид