Жаҳон | 15:49 / 25.12.2017
9534
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Эронга уран етказиб беришни тўхтатди

Фото: Kapital.kz

Қозоғистоннинг «Казатомпром» компанияси Эронга уран етказиб беришни жаҳондаги олти қудратли давлат – Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий битим иштирокчиларидан рухсат олинмагунга қадар тўхтатди. Бу ҳақда хорижий ОАВ хабар берди.

Ушбу битим Теҳрон томонидан ядровий фаолиятни чеклаш, бунинг эвазига эса санкциялар енгиллаштирилишини назарда тутади.

Британиянинг New Europe янгиликлар сайти хабарига кўра, «Казатомпром» раиси Галимжан Пирматов Остонада ташкил этилган брифингда Эронга уран концентратини етказиб бериш олти давлат – ядровий битим иштирокчилари: Британия, Хитой, Франция, Россия, Қўшма Штатлар ва Германия томонидан рухсат берилсагина амалга ошишини маълум қилди.

Эроннинг Қозоғистондан 950 тонна уран концентратини харид қилишга мўлжалланган шартнома 2016 йилнинг апрелида имзоланган. Бу битимга кўра, етказиб бериш ишлари жорий йилга мўлжалланганди, бироқ манфаатдор томонлар рухсатини олиш чўзилиб кетгани туфайли ортга сурилди.

Эроннинг Financial Tribune янгиликлар сайтига кўра, «Казатомпром» шартноманинг амал қилиш муддатини 2020 йилга қадар узайтирди, олти мамлакатдан рухсат олинган ҳолда етказиб бериш ишлари эса 2018 йилдан 2020 йилга қадар бўлган даврда амалга оширилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид