Самарқанд вилоятида кам таъминланган оилалар, ўзгалар кўмагига муҳтож фуқаролар, чин етим ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда жорий йилда ана шу мақсадда 142 нафар фуқаронинг уй-жойлари бошланғич бадал тўловлари ҳомийлик маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилди.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Янги йил байрами арафасида 33 кишига ана шундай уйларнинг калити топширилди.

Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, шаҳар фаоллари ва фуқаролар иштирок этган тантанали тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ушбу маскан давлат маблағлари ҳисобидан реконструкция қилиниб, жиҳозланиб топширилаётгани, уйда профилактика инспектори, шифокор кабинети, маданият ва маърифат хоналари ҳам ўрин олганлигини таъкидлаб ўтди.

Вилоят ҳокими йиғилганлардан буларнинг барчаси Президентимизнинг Янги йил совғаси ўлароқ қабул қилишни сўраб, янги уй соҳибларининг хонадонларига барака тилади ҳамда уйларнинг калитини тантанали равишда топширди. Қайд этиш жоизки, энди ушбу уйда турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишади.

 

Янги хонадон соҳибларидан сўзга чиққан шоир Абдуҳамид Абдуманнонов, Севара Нурмуродова, Манзура Ахтамова, Мадина Турсунова ногиронлиги бўлган инсонларга давлат даражасида қаратилаётган эътибор, иззат-икром учун чексиз миннатдорчилигини изҳор этишди.

— Мен ногирон бўлиб қолганимдан сўнг катта тушкунликка тушиб қолдим. Ҳаёт мен учун тўхтаб қолган эди. Келажакка бўлган умидларим буткул сўниб бўлган эди, — дейди Паст Дарғом туманида яшовчи Севара Нурмуродова. — Ҳозир менга қаратилаётган эътибор туфайли ўзимни мутлақо ногирон ҳисобламаяпман. Мени шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси даражасига кўтаришди. Умид ва ишонч беришди. Бизларга чексиз меҳрибонлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдорман.