KUN.UZ таҳририяти мухбирлари шу йилнинг 22 декабрида Сирдарё вилоятига меҳнат сафарини амалга оширди. Улар сайт ўқувчиларидан тушган айрим мурожаатларни ўрганишдан ташқари вилоятнинг Гулистон туманида ҳам бўлиб, Деҳқонобод шаҳарчаси марказидаги 14-ўрта ва 11-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюришди ҳамда у ердаги қишга тайёргарлик, ўқув жараёни билан қизиқди. 

14-сонли умумтаълим мактабига борганимизда синфхоналар совуқлигига, ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар пальто ва курткаларини кийган ҳолда дарс ўтаётганига гувоҳ бўлдик. 

Мактабнинг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Фарҳод Ҳақназаровнинг сўзларига кўра, мактаб аслида шу йил капитал таъмирдан чиққан. Аммо...таъмирлаш ишларини олиб бориш чоғидаги хатолар туфайли мактабдаги иситиш тизими умуман ишламайди. Бунга сабаб эса, иссиқ сув айланиш тизимини лойиҳалашнинг нотўғри амалга оширилгани ва уни қуришда хатолар тузатилмаганидир. 

Бундан ташқари, мактаб атрофига барпо қилинган 4 та иситиш қозони марказий газ тармоғига уланмагани, улаш учун қувурлар ажратилмагани ҳам синфхоналар ва умуман мактабнинг иситилмаслигига сабабдир. Мактаб таъмирига масъул туман мутасаддиларининг лоқайдлиги эвазига бир неча юзлаб ўқувчилар қиш совуғида зах тортган хоналарда таълим олишга мажбур бўлишмоқда. Гулистон туман ҳокимлигининг ёшлар сиёсати бўйича бош мутахассиси Дилшод Худойбердиевга кўра, қувурлар учун бюджетдан пул ажратилган, аммо унинг ҳисобга келиб тушиши қийинлашмоқда. Шу сабабли газ тармоғига улаш учун етарли қувурларни келтириш имкони бўлмаяпти. Нима учун, капитал таъмирлаш чоғида шу нарсага эътибор қаратилмагани ҳақида сўраганимизда, жўяли жавоб олмадик.

Ажабланарлиси, мактабдан 150 метрлар узоқликдаги 11-сонли мактабгача таълим муассасасида ўрта мактабдаги ҳолатнинг тамоман аксига дуч келдик. Унинг барча хоналари, гарчи бинонинг марказий иситиш тизими ишламаса-да, иссиқ. Биз борганимизда болалар иссиқ хоналарда дам олаётган эди. Мактаб директори Феруза Абдуғофурованинг сўзларига кўра, 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси туманнинг энг йирик шундай муассасасидир. Хоналарнинг барчасида печкалар ўрнатилган. Улар воситасида хоналар ҳароратининг иссиқлиги таъминланган.