Жаҳон | 09:23 / 26.12.2017
8574
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев: Давлат квартираларни бепул бера олмайди

Фото: Tengrinews

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев журналистларга берган интервьюсида мамлакатдаги уй-жой масаласи ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар қилмоқда Tengrinews.kz.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, уй-жой муаммоси барча мамлакатларда бор.

"Бизнинг давлат энг урбанизацияланган (жамият ривожланишида шаҳарлар ролининг ошиш жараёни) эмас. Бизда аҳолининг қарийб 40 фоизи қишлоқ жойларда яшайди, қишлоқларда эса атиги 20 фоизи ишлайди. Улар шаҳарларга келишмоқда. Қаранг, бизда ҳозир "Уйқурилишжамғарма" бор. Инсон маълум бир суммани йиғади – 50 фоиз, қолганини банк кредитга беради, ҳамда у ўзининг квартирасини сотиб олади, кейин эса пулларни тўлаб боради", - дея таъкидлаб ўтди Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон президенти қозоғистонликларга ижарага уй-жой тақдим этиш принципига ҳам тўхталган. "Эҳтиёжмандлар учун пул тўловисиз ижара бор: ногиронлар, уруш фахрийлари мавжуд, бундай одамлар учун бу дастур пул тўловисиздир. Учинчиси – бу хусусий уй-жой қурилиши: менга 10 сотих белгиланганми, беринглар, мен қура бошлайман", - дея мисол келтирган Назарбоев.

Унинг таъкидлашича, бугун ишлаётган ҳар бир одам ўзининг уй-жойига эга бўлиши мумкин. "Агарда уйда икки киши ишласа, улар ипотекани тўлашлари мумкин. Бироқ уйга ишлаётган одам эгалик қилади. Сен ҳеч қаерда ишламасанг, уйда ўтирсанг ва яна квартира беришларини хоҳлайсанми? Йўқ бунақаси. Ҳозирги бозор шароитларида давлат ҳеч кимга квартирани бепулга бериши керак эмас ва буни қила олмайди ҳам. Давлат бундай одамлар учун ёрдам бериши, фоиз ставкасини пасайтириши эса бошқа масала. Ижара уйини қуриш учун пуллар ҳокимият томонидан паст ставка билан берилади. Айнан шу кам таъминланган ва кўп болали оилаларга тақдим этилаётган ёрдамдир", - дея қўшимча қилиб ўтди Қозоғистон президенти.
 

Мавзуга оид