Жаҳон | 16:50 / 26.12.2017
52124
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев 2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилди

Фото: Sputnik

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилди.

«Ўзбеклар — бизга яқин, биродарларимиз, қўшниларимиз. Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги улкан мамлакат, бу ўлка билан муносабатлар ҳамиша муҳим ва фойдалидир. Кейинги йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлади», — деди Назарбоев республика телевидениесида эфирга узатилган қозоғистонлик журналистлар билан учрашувида.

Қозоғистон Республикаси президенти икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тобора яхшиланиб бораётганини, товар айирбошлаш ҳажми бир йил ичида икки бараварга ошганини қайд этди.

«Биз Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев билан бу кўрсаткични 5 миллиард долларгача етказишга келишиб олдик. Ҳозирда ҳамкорликда автомобиль ишлаб чиқариш бўйича келишув мавжуд, Тошкент билан темир йўл ва авиақатнов йўлга қўйилган. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар яхшиланиб бормоқда. Биз буни қўллаб-қувватлаймиз», — дея қўшимча қилган президент.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўзаро телефон орқали мулоқотда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишганди. Мулоқотда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмидаги юқори темп қайд этилганди.

Мавзуга оид