Афғонистон Мудофаа вазирлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмийси Замир Кобулов ушбу мамлакатда айни вақтда ИШИДнинг 10 минг жангариси жойлашгани ҳақида берган маълумотини қатъиян рад этди.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Вазирий жаҳон ҳамжамияти учун, жумладан, Россия учун маълумот сифатида айни вақтда мамлакатдаги ИШИД жангарилари сони бир неча юз нафардан ошмаслигини айтиб ўтган.
«Афғонистондаги ИШИД жангарилари сони минглар билан эмас, юзлар билан ҳисобланади. Эҳтимол, бошида уларнинг сони 6-7 минг атрофида бўлгандир. Ўтган вақт ичида мингдан ортиқ жангари ҳарбий ҳаракатлар вақтида ўлдирилди, яна кўп киши жароҳатланди ёки асирга тушди. Замир Кобуловнинг маълумоти шунчаки унинг шахсий маълумоти», дейилган вазирлик баёнотида.
Охирги кунларда рус матбуотида Россия президентининг махсус вакили, ТИВнинг Осиё масалалари бўйича департаментининг иккинчи директори Замир Кобуловга асосланган ҳолда Афғонистондаги жангарилар сони Сурия ва Ироқдан қочган жангарилар ҳисобига 10 минг кишига етгани ҳақида хабарлар тарқатганди.
Кобулов жангариларнинг асосий отрядлари мамлакат шимолида, Туркманистон ва Тожикистон билан чегара ҳудудида жойлашгани ҳақида қўшимча қилди.
«Бизни айниқса, Жузжон ва Сарипул хавотирлантирмоқда. Бу ерда Жазоир ва Франция фуқароларини учратишган. ИШИД ўз олдига Афғонистонни таянч марказ қилиб, атрофдаги ҳудудларга таъсирини ёйишни мақсад қилган. Бу Марказий Осиё ва Россиянинг жанубий ҳудудларига жиддий хавф туғдиради», дея Кабуловнинг сўзларини келтирганди нашрлар.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳаво кенгликларида жангариларни ва қурол-яроғ ташиб ўтилгани излари пайқалган.
Бундан аввалроқ, ушбу юқори мартабали амалдор Тожикистон чегаралари яқинида кўп миқдорда жангарилар тўплангани ҳақида айтганди. Аммо Тожикистон ҳукумати у вазиятни бўрттириб юбораётганини маълум қилганди.

















