KUN.UZ таҳририяти ўқувчиларига Ўзбекистон ва жаҳондаги янгиликларни холис ва тезкор етказиш борасида имконияти даражасида фаолият юритиб келади. Шу билан бирга, таҳририят давлат раҳбарининг мамлакатда шаффофликни таъминлаш борасидаги чақириқларига биринчилардан бўлиб “лаббай” деб жавоб қайтарди ҳамда республикада мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қила бошлади. 

Хусусан, Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб директорларини ургани, уларни ҳақорат қилгани ҳақида бонг урди ҳамда ушбу воқеа билан боғлиқ бир неча мақолаларини эълон қилди.

Қуйида воқеалар ривожи билан яна бир танишиб олишингиз мумкин. 

Шундан сўнг, республика Бош прокуратураси Сирдарё вилояти прокуратураси мазкур иш юзасидан текширув ўтказаётгани, уни ўз назоратига олганини маълум қилди. Аммо, мамлакат қонунчилигида тергов-суриштирув ишлари 3 ой давом этиши белгиланган бўлса-да, бу иш юзасидан 3,5 ой ўтганига қарамай якуний баёнот берилгани йўқ. Аслида, яққол кўриниб турган нарсага ҳуқуқий баҳо бериш шунчалик чўзилиб кетганининг ўзи ажабланарли ва кишини ўйга толдиради.