Самарқанд шаҳридаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA кўмаги билан барпо этилган, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказида иккинчи битирувчиларга диплом топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICAнинг Ўзбекистондаги идораси директори Сонг Сеунг-Ил, Жанубий Кореядан ташриф буюрган кўнгилли ўқитувчилар, Корея таълим ва технология университети профессорлари, Бандлик ва меҳнат муносабати вазирлигининг масъул ходимлари, марказ билан ҳамкорлик қилаётган корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган меҳмонлар ва марказни битираётган талабалар қатнашдилар.

Қайд этиб ўтиш жоизки, касб-ҳунарга ўқитиш марказида электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари йўналишида ҳар йили 240 талаба ўқишга қабул қилиб, 11 ой давомида бепул ўқитилади. Шунингдек, марказ қошида корейс ва инглиз тилларини ўқитувчи пуллик курслар ҳам ташкил этилган.

Марказда турли вилоятдан келган ўқувчилар ўқишмоқда. Хоналар ва ўқув устахоналари шинам ва иссиқ. Талабалар қишнинг совуқ кунларида ҳам дарсда енгилгина кийиниб ўтиришибди. Марказ қошида узоқ вилоят ва туманлардан келган талабалар уйи ҳам очилган. У ерда барча шароитлар ҳозирланган. Ҳаттоки жисмоний имконияти чекланган талабалар учун ҳам махсус ётоқ хоналари ажратилган.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ўқитиш маркази ўқувчиларининг битирув ишлари кўргазмаси билан танишиб чиқишди.

Меҳмонларда катта таассурот қолдирган кўргазмадан сўнг мажлислар залида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Сўзга чиққан KOICAнинг Ўзбекистондаги офиси директори Сонг Сеунг-Ил йиғилганларни янги йил ва диплом билан табриклаб, бу ердаги ўқитиш жараёнидан чуқур қониқиш ҳосил қилганини айтди ва KOICA бундай марказларни Ўзбекистон бўйлаб очишда давом этиши, хусусан, яқинда Шаҳрисабзда яна бир шундай марказ ишга тушишини таъкидлаб ўтди. Жаноб Сонг Самарқанддаги марказни KOICAнинг бутун жаҳондаги марказлари ичида энг намунали марказга айлантириш учун барча имкониятлар ва шароитлар муҳайё эканлигини алоҳида қайд этди.