Жаҳон | 18:10 / 02.01.2018
16629
2 дақиқада ўқилади

Туркия Эрон бўйича ўз позициясини билдирди 

Фото: Anadolu

Анқара Эронда вазият кескинлашмаслигига ва қўшни мамлакатда фитналарга йўл қўймасликларига умид қилмоқда. Бу ҳақда Туркия ТИВнинг Эрондаги норозилик намойишлари бўйича баёнотида айтилади.

Ташқи сиёсий идора баёнотида Эронда 28 декабрь куни бошланган норозилик акциялари давомида одамлар ҳалок бўлгани ҳамда давлат мулкига зарар етказилганидан ташвишда эканликлари билдирилган.

Туркия дўстона ва биродар Эрондаги барқарорлик ҳамда хавфсизликка катта эътибор қаратиши таъкидланган. «Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг халқ тинч акцияларни ўтказишга ҳуқуқи борлиги ва қонуннинг бузилиши ҳамда давлат мулкига зарар етказилиши бўйича ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақидаги баёноти эътиборга олиниши лозим. Эронда зўравонлик ва фитналарнинг олдини олиш кераклигига ишонамиз», - дея қайд этилади баёнотда.

Шунингдек, Эрондаги вазият тез орада барқарорлашишига ҳам умид билдирилган. «Ишонамизки, соғлом ақл ғалаба қозонади. Эронда зўравонликнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин бўлган баёнотлардан қочиш ва ташқаридан вазиятга аралашишга йўл қўймасликка чақирамиз», - дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли эронлик ҳамкасби Жавод Зариф билан телефон мулоқоти ҳам ўтказди.

Анқарадаги дипломатик манбалар маълумотига кўра, мулоқот давомида Эрондаги вазият муҳокама қилинган.

Эроннинг йирик шаҳарлари – Теҳрон, Машҳад, Исфахон ва Рештда 28 декабрдан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакат президенти Ҳасан Руҳонийнинг маълум қилишича, намойишлар давлатдаги ички муаммолар туфайли, шунингдек бошқа мамлакатлар фитнаси билан ўтказилмоқда. Эрон ОАВ маълумотларига кўра, норозилик намойишлари вақтида 10 киши ҳалок бўлди.

Мавзуга оид