Шавкат Мирзиёев замонавий дунёни ўзгартираётган 10 нафар етакчи рўйхатига киритилди
Дунё жамоатчилиги Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётгани баробарида уларга юқори баҳоларни ҳам бермоқда. Мамлакатда кечаётган ҳозирги ўзгаришлар, хорижлик экспертларнинг фикр билдиришларича, нафақат миллий, балки умумий халқаро аҳамият ҳам касб этмоқда, деб ёзади «Жаҳон» АА.
Жумладан, Туркиянинг етакчи иқтисодий нашрларидан бири - «Derin Ekonomi» журналининг шарҳловчилари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритдилар.
Таъкидланишича, Derin Ekonomi журнали рейтинги Туркиядаги бошқа бир етакчи нашр - Yeni Şafak газетаси томонидан ҳам кўчириб босилди.
Мазкур рўйхатдан муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан ўз мамлакатлари ва минтақаларидаги мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган ва бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг «ньюсмейкери», яъни уларнинг диққат-эътибори объекти бўлиб қолаётган етакчилар номлари жой олди.
Мутахассисларнинг қайд этишларича, Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланган биринчи кунларданоқ мамлакатни ялпи либераллаштириш, «ҳар ерда ҳозиру нозир» бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солиш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган чуқур ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Таъкидланганидек, янги раҳбарият бошчилигида Ўзбекистонда мамлакатни амалда эркин бозор сари ҳаракатлантиришга ҳамда ташқи савдо ва валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани хорижлик сармоядорлар учун республиканинг жозибадорлигини оширди.
Бошқа давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш йўлини тутгани Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти лавозимидаги энг катта эътиборга муносиб қадамларидан бири бўлди.
Турк нашрларида қайд этилишича, мазкур рейтингдан жой олган ўн мамлакат етакчиларининг исми шарифлари, эҳтимол, шу пайтга қадар жаҳон ҳамжамияти учун таниқли бўлмаган, бироқ 2018 йили улар «ҳар бир кишига ўзларини танитишади».
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024