Жамият | 12:37 / 08.01.2018
14703
3 дақиқада ўқилади

Жазолаш эмас, тарбиялаш муҳим

Суд залининг қора курсисида ҳаёт остонасига энди қадам қўйган ёшлар ўтирганини кўрган кишиларнинг дили оғрийди, қалбини афсус ва ачиниш ҳиси қамраб олади. Афсуски, кейинги пайтда вояга етмаганлар томонидан турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши тез-тез кузатилмоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлаётир, деб ёзади “Постда” газетаси.

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшайдиган Ў.Қодирбекнинг судланувчи номини олишига унинг оилада эрка ўсгани, ота-онасининг назоратидан четда қолгани сабаб бўлган. Кўча-кўйда бемақсад, бесамар юришга, кўнглига келган ишни қилишга одатланган Қодирбек Бобур кўчасидаги боғда икки-уч тенгдоши билан валақлашиб ўтирганида рўпарадан К.Равшан келаётганини кўриб, ундан сигарет сўрайди. Йигитча чекмаслигини айтганида бу жавоб унга ёқмай жанжал чиқаради ва муштлаша бошлайди. Равшаннинг бўш келмаётганидан аччиғи чиққан Қодирбек ёнидан пичоқ чиқариб, унинг бир-икки жойига санчиб олади. Оғир тан жароҳати олган Равшан тезда шифохонага олиб борилади. Хайриятки, шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Вояга етмаганлар ўртасида интернет тармоғидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳам ташвишланарли, албатта. Миробод туманида яшовчи К.Дилноза фирибгарликнинг антиқа усулини ўзлаштириб олади. Вояга етмаган бу қиз интернет сайтида ўз саҳифасини очиб, Азиза исмли тенгқури ва унинг онаси суратини жойлаштиради ва тагига уятсиз сўзлар ёзиб қўяди. Кейин буни ўша қизга кўрсатиб, агар минг доллар берса у расмни интернетда ўчириб беришини айтади. Азиза унга ишониб, айтилган пулни унга беради. Аммо Дилноза бу билан қаноат қилмай, яна пул талаб қила бошлайди. Азиза онасининг тилла тақинчоқларини олиб келади. Қарангки, Дилноза интернетдаги суратни Азизани яхши кўрган йигитга кўрсатаман деб пўписа қилиб, яна пул сўрайди. Хуллас, воқеадан хабар топган қизнинг онаси ички ишлар органига мурожаат қилади. Дилноза Азизадан пул олаётган пайтда қўлга тушади.

Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноятнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг олдини олиш мақсадга мувофиқ. Шу маънода айтиш мумкинки, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларни тергов қилиш, уларга нисбатан турли мажбурлов ҳамда жазо чораларини тайинлашда уларни жазолаш эмас, балки тарбиялаш муҳимдир. Зеро, бу вояга етмаган ва ёшларнинг такроран жиноят содир этишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мавзуга оид