Жамият | 11:10 / 09.01.2018
85728
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги мудҳиш қотилликни содир этишда гумонланаётган шахс қўлга олинди

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ўтган йилнинг 30 декабрь кунида бир оиланинг 4 вакили, жумладан 2 гўдакни ўлдиришда гумон қилинаётган шахс ушланди. Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати «Kun.uz»га Хўжаобод туманида содир этилган мудҳиш қотиллик бўйича расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 январь куни соат 10:20ларда, Хўжаобод туманида яшаган фуқаро Ф.А.нинг хонадонида ёнғин содир бўлгани ҳақида унинг укаси фуқаро Қ.Қ. ички ишлар идорасига хабар қилган. Бунга жавобан воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб борган.

Хонадон кўздан кечирилганида, фуқаро Ф.А билан бирга истиқомат қилган, 1995 йилда туғилган синглиси Қ.Н., фуқаро Ф.А.нинг 2010 йилда туғилган қизи И.Г ҳамда 6 ойлик ўғли И.М. тиғли жисм билан қасддан ўлдирилгани ва жиноятни яшириш мақсадида уйга ўт қўйилгани аниқланган. Қотиллик содир этилган жойдаги 1 дона пойабзал ва 8 дона бармоқ излари ҳамда қон доғларидан намуналар олинган.

Ушбу қотилликда Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро А.А. гумон қилиниб, унинг хонадони кўздан кечирилган.

Ўрганиш давомида унинг хонадонидан қонга ўхшаш доғлар мавжуд бўлган шими, пойабзали ва курткаси, қотиллик қурбонига айланган фуқаро Ф.А. га тегишли бўлган 1 жуфт аёллар сирғаси ва Samsung G-3/6 русумли уяли телефон аппарати далилий ашё сифатида мусодара этилган.

Ҳозирда гумонланувчи А.А. қўлга олинган. Ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввалроқ Андижонда мудҳиш қотиллик рўй бергани, бир оилада 2 гўдак, жами 4 киши ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид