H&M кийимлар бренди ўз сайтидаги янги сурат туфайли ирқчиликда айбланди. Унда қора танли болакай "Жунглидаги энг зўр маймун" ёзуви туширилган янги худида тасвирланган. Бир сутканинг ўзида баскетболчи Леброн Жеймс, The Weeknd мусиқачиси ва футболчи Ромелу Лукаку компания билан ҳамкорликда воз кечишди. 

Аслида нима бўлганди?

8 январь куни H&M сайтида "Жунглидаги энг зўр маймун" ёзуви туширилган яшил худи жойланди. Твиттер фойдаланувчилари норозилигига ёзувнинг ўзи эмас, кийимни қора танли бола реклама қилгани сабаб бўлди. Улар бу ҳодисани ирқчилик деб аташди ва оқ танли болаларнинг жирафалар ҳамда йўлбарслар тасвири туширилган кийимларни реклама қилганига эътибор қаратишди.

"Бу жуда ўринсиз ҳодиса, ҳақорат ва ирқчиликнинг кўринишидир. Нима учун оқ танли бола "Жунглида омон қолган"у, қора танли бола "Жунглидаги энг зўр маймун" бўлар экан? Буни нормал ҳолат деб ҳисоблайсизми? Олиб ташланг буни. Бу мутлақо ақлга сиғмайди!"

"2018 йилда бирор бренд ёки арт-директор бу қадар нопрофессионал ва лоқайд бўлиши мумкин эмас. Оқ танли болаларнинг эгнидаги свитерларга бир қаранг. Биз яхшироқ бўлишимиз керак".