Ўзбекистон | 11:40 / 11.01.2018
91367
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий гвардиясига жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш вазифаси юкланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Миллий гвардияга жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлашни таъминлаш вазифасини топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилган.

«Бундан буён мамлакатимизда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласига ички ишлар вазири П.Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматов шахсан жавобгар бўлади», - деди Шавкат Мирзиёев.

Энди бундан буён ҳар бир шаҳар ва вилоятда хавфсиз ҳудуд лойиҳасини амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул ва жавобгар этиб белгиланди. Бу вазифаларни бажариш учун Миллий гвардия жойлардаги давлат ҳокимияти идоралари, жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради. 

Шунингдек, президент Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматовга ташкилий ишларни тезроқ якунлаб, ўзининг бевосита вазифаси бўлган жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласи билан яқиндан шуғулланиш вазифасини топширди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси - Ўзбекистон қуролли кучлари таркибидаги ҳарбийлаштирилган тузилма. Сони, тахминларга кўра, 1 000 киши. Миллий гвардия муҳим стратегик базалар ва объектларни, шунингдек, алоҳида муҳим шахсларни қўриқлайди. 

Мавзуга оид