Жамият | 12:53 / 13.01.2018
6840
2 дақиқада ўқилади

Amazon раҳбари 33 млн доллар хайрия қилди

Фото: Getty images

Американинг Amazon.com Inc. компанияси ижрочи директори Жефф Безос ва унинг рафиқаси Маккензи АҚШдаги муҳожирларнинг коллежларда таҳсил олувчи фарзандлари учун 33 млн миқдорида хайрия қилди. Бу ҳақда бепул таълим олиш бўйича грантлар тақдим этувчи TheDream.us. сайтида эълон қилинмоқда. Ушбу маблағлар, Безослар оиласи вакилининг сўзларига кўра, минг талабанинг ўқиши билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга етади. 

Таъкидланишича, ушбу хайрия 3,5 йил аввал ташкил этилган TheDream.US фаолияти давомидаги энг йирик маблағдир. Бу гуруҳ АҚШнинг Deferred Action for Childhood Arrivals (DACA) дастури бўйича яшаётганлар ва “орзу қилувчилар”га (муҳожирларнинг фарзандлари Америкада шундай аталади) стипендиялар бериш билан шуғулланади. 

Безослар тақдим этган маблағлар, TheDream.US сайтининг маълум қилишича, 4 йил мобайнида сарфланади ва “орзу қилувчилар”нинг таҳсилига йўналтирилади. Айни вақтда ушбу дастур бўйича 3 мингга яқин талаба таълим олади.
 
«Менинг отам 16 ёшида «Питер Пэн» амалиёти доирасида Кубадан Америкага келган», — дея изоҳ берган Безос, ўшанда унинг отаси инглизча сўзлашни ҳам билмаслигини қайд этган. «Делавэр штатидаги қатор ажойиб ташкилотлар ёрдамида менинг отам етук шахс бўлиб етишди», — деган Amazon асосчиси. 

Аввал хабар берилганидек, Безос 9 январь куни дунёнинг энг бадавлат тадбиркори мақомини қўлга киритди. Ҳозирда унинг бойлиги 105 млрд доллардан кўп. Аммо у шу вақтгача хайр-саховат ишларида унчалик ҳам фаол бўлмаган. Иккинчи энг бой ҳисобланаётган Microsoft асосчиси Билл Гейтс, Bloomberg маълумотларига кўра, 93,3 млрд долларга эгалик қилаётган бўлса-да, у фаолияти давомида 33 млрд долларни турли мақсадларда хайрия қилган. 

Мавзуга оид