Ўзбекистон | 14:00 / 14.01.2018
52018
4 дақиқада ўқилади

«Шавкат Мирзиёев кўпчиликни ҳайрон қолдирди» - АҚШ элчиси

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка овози»га берган интервьюсида президент Каримов ўрнига Мирзиёев келишини ҳеч ким кутмагани ҳақида гапирган.

Журналист «Шавкат Мирзиёев аввалги система намоёндаси экани, аввалги системадан чиққан одам ҳозиргидек давлат раҳбари бўлиши»га элчи қандай муносабатда эканини сўраган.

«У нафақат мени, балки ҳаммани ажаблантирди. Унинг раҳбарликка танланиши жуда қизиқ, эҳтиёткорона ва пишиқ, чуқур мулоҳазали бир қарор бўлди. Халқаро ҳамжамиятда ҳеч ким Президент Каримов ўрнига шу одам келади деб кутмаган эди. Мени, шахсан, Мирзиёев жуда кўп жиҳатдан ҳайрон қолдирган ва қолдиради.

Биринчидан, унинг темпераменти, боя айтганимдек. У одамлар билан ишлашни хоҳлайди, ҳамжиҳатлик тарафдори. Иккинчидан, ва бу Ўзбекистон халқи учун жуда муҳим: Мирзиёев раҳбарликка келганидан бери давлат ва халқни яқинлаштириш ҳаракатида. Халқ манфаатларини ўйланг, у билан мулоқот қилинг, деб келмоқда. Бундай ёндашувни одамлар, назаримда, кутмаган эди.

Оқсашлар бўлди албатта, лекин айрим ишлари самара бера бошлади. Гапираётганида бир нарса ойдек равшан: у ҳукумат золим куч бўлишини хоҳламайди, аксинча, ҳукумат халққа хизмат қилсин, дейди. Бунга эришиш эса жуда қийин. Машаққатли йўл олдинда, лекин Мирзиёевнинг халққа хизмат қилишга бел боғлагани мен учун кутилмаган ҳол.

Иккинчи ажабланарли ҳол, ҳукумат аппаратини янгилаш ҳаракати. Олдинлари эски давр одамлари кўп эди. Уларнинг айримлари ҳали ҳам бор. Лекин улар орасида жуда иқтидорли одамлар ҳам бор — кўп нарсани билади ва фойдаси катта. Янги шахслар ҳам сероб. Ҳукуматнинг чет элда ўқиганларга кенг очилаётгани ҳам катта ўзгариш.

Ёшларга эътибор катта. Хорижда ишлаётганларга салбий эмас, ижобий руҳда қарашаётгани таҳсинга сазовор. Сиз, масалан, бу ҳақда кўп гапириб келасиз, "Твиттер" ва бошқа жойларда. Бу жуда муҳим. Бозор иқтисодиёти ҳам силжий бошлади. Олдинда қилинадиган ишлар талай. Бироқ Президентнинг бу борада БМТда ва бошқа минбарлардан туриб гапириши, янги йўналишга ўтиш, ўтган сентабрда Нью-Йоркда АҚШ бизнес доираларига бу борада очиқ айтиши кенг олқишланди. Энди биз кутаяпмиз, бу қарорлар амалга ошишини.

Ҳар куни хушхабар. Олдинлари Ўзбекистонга шошмай, чой ичиб, асталик билан ҳаракат қиладиган халқ ва ҳукумат деб қарашар эди. Ҳозир ҳам кўп жиҳатдан мана шу маданият жойида. Лекин бугунги сигнал шуки, Ўзбекистон олдинга шаҳдам қадам ташлашга шай.

Президент Мирзиёев, назаримда, орқада қолмоқчи эмас; дадиллик ва эпчиллик билан кўпроқ бизнесларни жалб этмоқчи; мамлакатда тўғридан-тўғри сармоя оқими ошсин, дея уринмоқда. Бу жуда қийин, лекин ўтган йили сентябрда конвертацияни очгани у бу машаққатни енгишга бел боғлаганидан дарак. Шундай экан, яна кўплаб хушхабарлар кутиб қоламиз», дея Спратлен хонимнинг сўзларини келтирган ЎзА.

Мавзуга оид