Сингапур — 40 йилдан сал зиёд вақт ичида коррупция устидан тўлиқ ғалаба қозонган мамлакатдир. Боз устига, улар Хитойдагидек порахўр амалдорларни ёппасига пешонасидан отиб ташлаб эмас, ҳаттоки қатъий қатағонларни қўлламасдан ҳам буни амалга ошира олишган, деб ёзади Россиянинг «Военное обозрение» портали.

Ўтган аср 50-йилларининг ўрталарида британияликлар ўз мустамлакаси бўлмиш Сингапурни ташлаб чиқиб кетишганида сингапурликларнинг ихтиёрида ўта ожиз қонунчилик базаси, мутлақо саводсиз аҳоли, паст маошлар, шаффоф бўлмаган иқтисодиёт, ҳар ерда ҳозиру нозир коррупция қолаётган эди. Одамларни жуда ғира-шира истиқбол қарши олаётганди. Ли Куан Ю «Халқ ҳаракати» партияси билан биргаликда сайловларда ютиб чиқди ва бош вазир этиб сайланди. Айнан у коррупцияга қарши курашнинг рамзига айланди ва унинг шиори: «Коррупцияни енгаман десанг, дўстларинг ва қариндошларингни панжара ортига жўнатишга тайёр бўл», эди.

Ли Куан Юнинг жамоаси шуғулланган биринчи вазифалардан бири коррупцияни йўқ қилиш ва аҳолининг давлатга бўлган ишончини оширишдан иборат эди.

Коррупцияга қарши кампания тўрт унсурдан иборат бўлиб, улардан биринчиси коррупцияга қарши курашувчи кучли ва мустақил хизматни ташкил этишдан иборат эди. Британиянинг истилочи ҳукуматидан Коррупцияни тергов қилиш бюроси — КТБ қолган эди, бироқ унинг ваколатлари жуда чалкаш, ходимлари эса жуда майда ишлар — полиция қуйи ва ўрта эшелонлари, раста савдосини назорат қилаётган инспекторлар, ер тузувчи инспекторлар билан боғлиқ коррупция ишлари билангина шуғулланишарди. Ли Куан Ю КТБни жуда кучайтириб, уни Сингапур бош вазирига бўйсундирди ва чексиз чинакам ваколатлар билан таъминлади.

Амалдорлар дахлсизликдан мосуво этилди

Параллел равишда барча амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари дахлсизликдан мосуво этилди. КТБ агентлари нафақат амалдорлар, шунингдек уларнинг болалари, хотинлари, қариндошлари ва ҳаттоки дўстларига тегишли банк ҳисоб рақамлари ва мол-мулкларни текшириш ҳуқуқига эга бўлишди! Агар амалдор ва унинг оиласи топадиганидан кўпроқ харажат қилаётгани аниқланса, бюро автоматик равишда тепадан буйруқ кутмасдан терговни бошлайди. КТБ суриштирувлари ҳукуматнинг олий эшелонидаги йирик порахўрларга қаратилган эди. Кичик товламачи амалдорлар билан эса қарор қабул қилиш йўлларининг соддалаштирилиши, жамоатчилик ҳаётининг у қадар муҳим бўлмаган соҳаларида рухсатнома ва лицензиялашни бекор қилиш билан кураш олиб боришди. Судларга эса коррупция натижасида қўлга киритилган мол-мулкни мусодара қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.