Ўзбекистон | 16:05 / 16.01.2018
94128
3 дақиқада ўқилади

5 йирик мамлакатга визасиз режим йўлга қўйилади, 45 давлатга виза режими соддалаштирилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш бўйича 31 пунктдан иборат Дастур қабул қилинади. Уларнинг ҳар бири хорижликларнинг мамлакатимизга қизиқишини оширишга йўналтирилган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан таништирди. 

Хорижга экспорт қилинаётган барча маҳсулотлар қадоқларида мамлакатнинг туристик бренди рекламаси жой олишини кўзда тутувчи стандартни жорий қилиш режалаштирилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, бундай пиар-компания кўпроқ эътибор жалб қилиш мақсадида манзилли иш олиб боради. Масалан, хитойликлар кўнглига йўл топиш учун - Фарғона тулпорлари, туркларга - уларнинг аждодлари яшаб ўтган масканлар, россияликларга - сархил мева ва сабзавотлар ҳақидаги ҳикоялардан фойдаланилади, мусулмон мамлакатларга эса - муқаддас зиёратгоҳларга ташриф буюриш таклиф этилади. Кўп мамлакатлар аҳолисида Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ муайян ассоциациялар мавжуд, ҳар томонлама кампания ана шу асосга қурилади. 

Сайёҳларни жалб қилиш мамлакатимиз дипломатик миссияси фаолиятининг йўналишларидан бирига айланади. Бундан ташқари, туризм элчилари институти йўлга қўйилади. Чет эллик машҳур шахслар хорижда Ўзбекистоннинг туристик брендини илгари суришда ёрдам беришади. 

"Биз хорижликлар учун Ўзбекистонга саёҳат қилишни максимал даражада қулай қилишни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун виза режимини бекор қилишга доир комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, шунингдек 5 йирик мамлакатга визасиз режим йўлга қўйилиб, 45 мамлакат учун виза режими соддалаштирилади. 2018 йил давомида эса электрон визалар олиш тизими ишга туширилади", - деди Азиз Абдуҳакимов. 

Қисқа муддатли (72 соатгача) визаларни тақдим этиш механизмини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Хорижий транзит йўловчилар учун аэропорт чегара зонаси ташқарисида танишув турларини ташкил қилиш қоидалари ишлаб чиқилади. 

Сайёҳларга кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистоннинг аэропортлари ва вокзалларида сим-карталар, мобил интернет-модемлар, шаҳар турлари, такси буюртма қилиш, маданий-кўнгилочар дастурларга чипталар олиш нуқталари пайдо бўлади. 

Бундан ташқари, бу ерларда туристик объектлар, маҳаллий туроператорлар, меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар дислокацияларига доир маълумотларни топиш мумкин бўлган махсус стендлар ўрнатилади. Шу билан бирга, туристик марказ кўчаларида  қулай кўрсаткичларни ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.  

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид