Таҳририятга келган арзномани ўқиб, зудлик билан танқидий мақола ёзиш ниятида бўлмаймиз. Андижон шаҳар, Деҳқонобод маҳалласидан юборилган мурожаатларни ўрганиш асносида, шаҳар газ идораси билан кўп бора боғланиб, мақола чоп этилмасдан ижобий чора кўрилишини кутдик. Афсуски, ҳеч қандай натижа бўлмади.

Андижон шаҳридаги Деҳқонобод маҳалласи, М. Солиев 4,5,6 тор кўчалари 2011-йили табиий газ таъминотидан узиб қўйилган. Бизга 5- тор кўчада истиқомат қилувчи аҳоли мурожаат қилган бўлиб, мазкур кўча фуқаролари қишнинг совуқ кунларида хонадонларини иситишга қийналаётганини баён қилишган.

Ўша жойга бориб муаммони таҳлил қилганимизда шуниси аниқ бўлдики, кўча ва Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идораси ўртасидаги ҳолат умуман чигал вазиятда экан.

“Кўчамиз 2011- йили табиий газ тармоғидан узилганлиги сабабини аниқламоқчи бўлиб, Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идорасига хат билан чиқдик. Вилоят шаҳар газ идорасига қилинган мурожаатларимиз бўйича, Андижон шаҳар ҳудудий газ таъминоти идораси Андижон шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил, 20 май кунги йиғилиш баёнига асосан кўчамизни тармоқдан узоқлиги сабаб, суюлтирилган газ таъминотига ўтказилганини билдирди”, дейилади мурожаатда.

Буни қарангки, газ идораси М. Солиев 5- тор кўчага нисбатан мажлис баёнида ёзилган бандларни амалга ошириш билан умуман шуғулланмаган. Юқорида келтирилган шаҳар ҳокимлиги мажлис баёнининг бандларида филиал томонидан МФЙлар кесимида табиий газ етиб бормайдиган аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар рўйхатини маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқлатиш, уларни жорий йил охиригача ойма-ой суюлтирилган газга ўтказиш бўйича графиклар ишлаб чиқилишини таъминлаш, шаҳар бўйича ёз ва қиш мавсумларида газ танқислиги ва етиб бормайдиган ҳудудлардаги аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларнинг босқичма-босқич тармоқдан узилиши ва захира ёқилғиси билан таъминланиши тўғрисида тушунтириш, тарғибот-ташвиқот олиб бориш вазифаси белгиланган. Аммо, ўша табиий газ етиб бормайдиган ва суюлтирилган газ билан таъминланиши керак бўлган аҳоли рўйхатида 5-тор кўча йўқ эди.

Аҳоли шундан келиб чиқиб, кўчанинг табиий газдан узилишини ноқонуний деб ҳисобламоқда.