Фаластинни озод қилиш ташкилоти марказий кенгаши араб давлатларини Исроилдаги элчихоналарини Ал-Қудсга кўчирадиган давлатлар билан алоқаларни узишга чақирди. 

Биринчи бўлиб бундай қарорни АҚШ қабул қилди. АҚШ президенти Дональд Трамп фаластинликлар Ал-Қудснинг шарқий қисмига даъво қилишларига қарамасдан, қадимий шаҳарни Исроил пойтахти деб тан олди.

“Араб давлатларидан Исроилдаги элчихонасини Ал-Қудсга кўчирадиган исталган давлат билан дипломатик алоқаларни узиш талаб қилинсин”, деган қарорга келинган Фаластинни озод қилиш ташкилоти марказий кенгашининг йиғилиши якунларига кўра. Бу қарор телеэфирда ўқиб эшиттирилган. 

Айни вақтда АҚШдан кейин элчихонасини Ал-Қудсга кўчиришини маълум қилган ягона давлат Ҳватемала бўлмоқда. Исроилликларнинг айтишича, улар бу борада ўндан кўпроқ давлат билан музокара олиб бормоқдалар. 

Исроил Ал-Қудсни унинг Иорданиядан тортиб олинган шарқий ҳудудлари ва тарихий маркази билан бирга “ягона ва ажралмас” пойтахти деб атайди. АҚШдан бошқа давлатлар Ал-Қудснинг бу ҳудудларининг Исроил томондан қўшиб олинишини тан олмайди ва шаҳарнинг мақомини Яқин Шарқ ихтилофидаги энг долзарб муаммолардан деб ҳисоблайди.  БМТнинг 1947 йилдаги 181-резолюциясига кўра, Ал-Қудс БМТ бошқарувидаги махсус режимга эга “алоҳида ҳудуд”  деб ифодаланади. БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1980 йилдаги 478-резолюцияси “Исроилни бутун Ал-Қудснинг пойтахт деб қабул қилиниши қонунини қабул қилганлик учун қоралайди ва давлатларни ўз дипломатик миссияларини ушбу шаҳардан олиб чиқишга чақиради”.