KUN.UZ таҳририяти Бекобод тумани Зафар шаҳарчаси Гулистон МФЙ Усмон Носир кўчасидаги кўп қаватли уйлардаги коммунал ҳолат, тураржой бинолари атрофидаги санитар вазият, канализация ва айниқса ҳожатхона муаммоси ҳақида ўтган йил сентябрь ойининг охирида мақола эълон қилган эди. 

Таҳририят махсус мухбирлари юқоридаги масалалар қанчалик ижобий ҳал этилганини текшириш мақсадида Зафар шаҳарчасига яна борди. 

Фото: Kun.uz

Жойига борганимизда очиғи ўзгаришларни сезмадик. Биргина эски, яроқсиз, фойдаланилмаётган, ҳамон атроф-муҳит санитар ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатишда давом этаётган ҳожатхонанинг ташқи томони оқартирилгани ва янги ҳожатхона учун мўлжалланган ҳандақнинг ковлангани, атрофи бетон қилинганини айтмасак. 

Шу ерда истиқомат қилувчи фуқаролар билан суҳбатлашганимизда туман ҳокими келиб аҳоли билан учрашгани, бироқ канализация масаласини ижобий ҳал этиш жуда катта маблағ туриши эвазига қисқа даврда ҳал бўлмаслигини очиқ айтганини билдиришди. Янги ҳожатхона қуриш бу йилги режага киритилгани ва ҳандақ ковланганини айтишди. Ушбу бино қуриб битказилганидан сўнг, ўзбошимчалик билан қурилган ҳожатхоналар бузилади, ҳовли ва атрофи тозаланиб, болалар майдончалари барпо этилишига ҳокимлик ваъда беришганини таъкидлашди.

Фото: Гулистон МФЙ раиси Илҳом Болтабоев/Kun.uz

Гулистон МФЙ раиси Илҳом Болтабоевнинг сўзларига кўра, янги ҳожатхона эркак ва аёллар учун 2 тадан 4 туйнукли бўлади. Атрофдаги 10 та 2 қаватли уйда 130 атрофида фуқаро истиқомат қилиши эътиборга олинса, бу камлик қилмайдими, деган саволимизга, кўпчилик хонадонларига ҳожатхона ўрнатиб олганлари сабабли, ҳамма ҳам ташқарига чиқмаслигини, уйига ўрнатмаганларга етарли эканини айтди. 

Фото: Kun.uz

Биз маҳалладаги 2-мактабгача таълим муассасаси ва 7-ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб, куз-қиш мавсуми қандай ўтаётгани билан қизиқдик. Ростини айтиш керак, балки шаҳар маркази бўлгани сабабдир, ушбу икки муассасадаги аҳвол ўрнак олса арзигулик. Асосийси келажак авлод иссиқ хоналарда барча имкониятлар ва шароитларда тарбияланмоқда.