Қозоғистоннинг «31-канали» мухбирлари Ақтўбедаги автобус ёнғинидан омон қолган қозоғистонлик ҳайдовчилардан бири — Мақсат Пернебековнинг оиласи билан учрашди.

Қариндошлари Мақсат Пернебековнинг омон қолгани ҳақида телевизор орқали хабар топишган, шундан сўнг у билан боғланишган. Мақсат эса қўли ва боши куйганини айтган.

«Мен бутун Ўзбекистон халқидан, ҳалок бўлган йигитларнинг оналаридан кечирим сўрайман», — деди Мақсатнинг онаси Катира Жолболдиева кўзда ёш билан.

Пернебековнинг опаси фожиа рўй беришидан олдин Мақсат иккинчи ҳайдовчи билан рулни алмашганини айтади.

«У ухлаётган бўлган, бу вақтда автобусни шериги ҳайдаган. У воқеа қандай бўлганини билмайман, деди. «Мақсат, қутқариб қолишнинг иложи бўлмадими? Эшиклар очилмадими? Нега?», деб сўрадим. У бўлса: «Опача, мен билмайман, чиқдим ва автобус портлади», деди», — дейди у.

Қариндошларининг айтишича, Мақсат 52 ўзбекистонликнинг умрига зомин бўлган «Сетра» автобусини 4 йилдан бери ҳайдаб келарди. У бу автобусда кўп марта Қозонга борган, йўлни яхши билган. Сешанба куни улар Ўзбекистон фуқаролари бўлган 55 йўловчи билан бирга Россияга йўл олган. Йўлда Мақсад қаердалигини билдириш учун яқинларига видеохабар йўллаган. 3 соат ўтиб эса автобус Ирғиз тумани ҳудудида ёниб кетди ва 52 йўловчи ҳалок бўлди.

«Салом, қадрдонларим! Мана, Оролдан ўтдик, Ирғизгача яна 170 километр. Жуда совуқ, -40, балки -45 даражадир. Иккита куртка кийганман. Йўл музлаган. Мана, соатига 50 км тезликда кетяпмиз, радиатордаги ҳарорат эса 60 даража», — дейди Мақсат ўз видеомурожаатида.

Қариндошларнинг сўзларига кўра, Пернебеков ёлланма ҳайдовчи эди — «Сетра» автобуси эгаси унга ҳар рейс учун 60 минг танга пул тўлаган.

Турмуш ўртоғи Мақсат кўп вақтини автобусни таъмирлаш билан ўтказганини айтиб берди.

«Хўжайиним автобусни тез-тез таъмирлар эди. Автобус эгаси эримга харажатларни берарди. У бизникига келар, автобусни таъмирлаш ишлари кузатарди. Техник кўрик, суғурта ҳужжатларини автобус эгаси тайёрларди», — дейди Акнур Масанова.

Мухбир фожиадан омон қолган учинчи қозоғистонлик (у ҳам йўловчи бўлган), 41 ёшли Барат Танатовнинг рафиқаси Ойнур Танатова билан ҳам гаплашган. Ушбу аёл турмуш ўртоғи автомобиль харид қилиш учун Россияга кетганини айтиб берди.