Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 24 январь куни Ашхободда қурилиши мўлжалланган янги объектлар лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Янги объектлар орасида – ҳашаматли меҳмонхона, Халқаро конгресс-марказ, Халқаро қабуллар маркази, «Сенагат» АТБ, «Туркманбоши» банки офислари, шунингдек, шоир ва донишманд Махтумқулига ёдгорлик ва янги Ҳукумат трибунаси бор», - дейилади хабарда.
«Меҳмонхона мажмуаси ноёб архитектура қиёфасига эга бўлиб, Арчабил ҳамда Чандибил шоҳкўчалари ўртасидаги 22,9 гектарлик майдонда жойлашади. Унинг тузилмасидан меҳмонхона, бизнес-марказ ва апарт-отель жой олади. Бинолар дизайнида миллий орнамент ва бошқа эксклюзив безак деталларидан фойдаланилади», - дея таъкидланади матнда.
Туркманистон президенти лойиҳаларни албатта патентлаш лозимлиги ҳақида айтиб ўтган, бу уларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида керак бўлади.

















