
Ўзбекистонда ҳар йили миллионлаб автомобиль шиналари чиқиндига айланади. Шу чиқиндиларнинг бир қисми қайта ишланиб, гранула ҳолатига келтирилади ва ҳар хил турдаги резина маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Қолган шиналар эса чиқинди бўлиб тўпланиб ётади. Авто саройлар ҳаттоки бу чиқиндилардан қутулиш учун анчагина пул сарф қиладилар. Хўш, бу чиқиндилардан Ўзбекистон шароитида қандай унумли фойдаланиш мумкин?
Ўзбекистон шароитида автомобиль шиналарини қайта ишлаб, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш энг сердаромад ва фойдали йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили Ўзбекистонда сарф қилинадиган нефть маҳсулотларининг қарийб 50 фоиз чет давлатларидан импорт қилинади. Шу сабабли бу йўналишда тадбиркорлик қилиш ишбилармоннинг ўзига, Республика иқтисодиётига, табиатга ва барча юртдошларимизга фойда келтиради.
1 ТОННА АВТОМОБИЛЬ ШИНАЛАРИДАН ЎРТАЧА:
- Синтетик нефть 30-40% (300-400л)
- Углерод қолдиқлари 40-45% (400-450кг)
- Металл 10-20% (100-200кг)
- Газ 7-10% ажралиб чиқади

Синтетик нефть - таркиби бўйича табиий нефть билан бир хил. Бу маҳсулотни нефть қайта ишловчи корхоналарга сотиш мумкин ва ундан бензин ҳамда дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари синтетик нефтни қайта ишламай мазут ва ёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Шунингдек бу маҳсулот асфальт ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳисобланади.
Углерод қолдиқлари – таркиби бўйича кўмирга яқин. Бу маҳсулотдан кўмир брикетлари, лак-бўёқ маҳсулотлари учун ранг, резина ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида фойдаланиш мумкин.
Металл – бу хомашёни металл қайта ишловчи корхоналарга металлолом сифатида сотиш мумкин.
Газ – ёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин.











