Бу ҳаётий дунёда ҳеч бир тирик жон ўз яқинини йўқотмасин экан. Кенг олам тор бўлиб қолади, бутун орзу-режалар тумандек тарқалиб кетади, инсон руҳияти қуп-қуруқ бўшлиққа тушиб қолади. Агар бу йўқотиш фарзанд бўлса-чи?.. Бу улкан мусибатни ҳаёлга келтиришнинг ўзи кишини даҳшатга солади.

KUN.UZ таҳририяти жамоаси Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида юз берган фожиада ҳалок бўлган йигитларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ортидан бўзлаб қолган ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Ғамларига шерик бўлди. Шу аснода таъзия эгалари билан суҳбатлашиб, марҳумларнинг қандай инсон бўлганликлари, ҳаётдаги режалари ва бундай хатарли сафарга отланишларига нима сабаб бўлганини яқиндан билиш мақсадида кўрсатув ҳам тайёрланди. Бу кўрсатувни тайёрлашнинг ўзи оғир кечди, чунки ҳар бир таъзияли хонадонда бўлиб, мусибат эгалари билан суҳбатлашиш, ёш тўла кўзларга, маҳзун юзларга қараш жуда оғир кечди.

 - Россиянинг Қозон шаҳрида ишлаймиз, қурилишда иш бор, ойига 400-500 доллар пул топса бўларкан деб қишлоқдаги йигитлар ишлагани кетган эди, - деди ҳам куёви, ҳам жиянини қора ерга топширган таъзияли хонадон соҳибларидан бири. – Аммо бу қишлоғимиз учун жуда катта йўқотиш бўлди. 16 та хонадонда аза. Айримларида иккитадан фарзандлар, қариндошлар ҳалок бўлишган. Бу ҳалокатда нобуд бўлган куёвимнинг икки фарзанди бор эди, улар етим қолди. Танаси бошқа дард билмас, дейишади-ку, биздан нима ўтаётганини таърифлаб беришга тил ожиз ҳозир...

Ота йиғламасин экан. Ҳеч нарсани ўзига олмайдиган оталар, фарзанд доғида мўнғайганча кўз ёш тўкишлари киши қалбини титратиб юборади. Ўз ўғлидан айрилган Умарали Тўраев шундай дейди:

- Аллоҳ менга фарзанд аталмиш неъматни берган эди, уни яна ўзи қайтариб олди. Менинг қўлимдан нима ҳам келарди. Болам чет давлатга ишлагани кетмоқчи бўлганида, “Қўйгин ўғлим, қиш келди. Борига шукр қилиб, сабр қилиб ўтиргин, кунлар исиб кетса, бир гап бўлар”, деганимда, “Ота, сиз дуо қилсангиз бўлди, бироз ишлаб келай”, деб кетганди. Уни ўшанда сўнгги бор кўриб турганимни билмаган эдим... Учта боласи етим қолди.