Ўзбекистонда шифокорнинг касбий хатосини аниқлашнинг таъсирчан тизими жорий этилади. Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги каналида хабар берилишича, давлат дастурига асосан бу борада тегишли қонун ҳужжати қабул қилиниши лозим.
Қонун ҳужжатида:
тиббиёт ходимлари йўл қўйган хатолар ҳақида жабрланган шахсларга маълумот бериш, уларни ҳисобга олиш ва хатоларнинг олдини олиш тизимини яратиш;
ҳар бир тиббиёт муассасасида беморларнинг шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий эксперт гуруҳларини ташкил этиш;
хатосини ўз вақтида ва ихтиёрий тан олган, етказилган зарарни қоплаган тиббиёт ходимини айрим салбий оқибатлардан озод этиш;
тиббиёт ходимларининг хатоси оқибатида етказилган зарар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига хабар қилиш, уларни кўриб чиқиш ва хизмат текширувини ўтказиш тартиби;
бирламчи тиббий ҳужжатларни, жумладан рецептни электрон шаклда тўлдиришни (қўлёзма усулидан тўлиқ воз кечган ҳолда) жорий этиш ва уни тегишли дорихонадаги маълумотлар базасига жойлаштиришни таъминлайдиган ахборот тизимини босқичма-босқич амалга киритиш назарда тутилади.
Бу борадаги тегишли ҳужжат 30 март кунига қадар ишлаб чиқилиши лозим.















