Жаҳон | 14:00 / 30.01.2018
22750
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда 11 ёшли Салмон Мадумаровни қидириш ишлари давом этмоқда

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 11 ёшли Салмон Мадумаровни қидириш ишлари давом этмоқда. Унинг ота-онаси Қирғизистон жанубидан келган ўзбек оиласи бўлиб, бола жума, 26 январь куни бедарак йўқолган. Полиция маълумотларига кўра, бола кўчага футбол ўйнаш учун чиққан, бироқ уйга қайтиб келмаган.

Салмон Мадумаровнинг 41 ёшли отаси полицияга хабар беришича, ўғли 26 январь куни, маҳаллий вақт билан соат 16:00да футбол ўйнаш учун уйидан чиқиб кетган. Лекин у ҳақда ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ.

Санкт-Петербургдаги «Лиза Алерт» қидирув-қутқарув ташкилотидан хабар беришларича, Салмонни қидириш ишлари учун махсус штаб ташкил этилди, унга 50 нафар кўнгилли жалб қилинган.

Кўнгиллиларнинг маълумотига кўра, Салмон Мадумаровнинг ота-онаси истиқомат қилувчи уйдан унча узоқ бўлмаган ерда «Проспект Славы» темир йўл бекати бор, у ердан электрпоездлар Ленинград ва Новгород областига йўл олади.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бош тергов бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид