Фан-техника | 09:00 / 31.01.2018
9911
3 дақиқада ўқилади

Эски электроникани қайта ишлаш учун микрофабрикалар барпо этилмоқда

Фото: EAST NEWS

Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс Университети муҳандислари электрон чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича микрофабрикаларни яратишмоқда.

Вина Сахажвалланинг сўзларига кўра, барчамиз «микрошахт» - эски смартфонлар, планшетлар, ноутбуклар ва бошқа электрон чиқинди эгаларимиз, улар уйда йиғилади ёки чиқиндихонага ташланади. Бироқ у жуда қимматли ресурс – мобиль телефонларнинг бир тоннасидан (тахминан 6 минг дона) 130 кг мис, 3 кг кумуш, 340 г олтин ва 140 г палладий олиш мумкин. Агарда Австралиянинг ўзидаги чиқиндихоналарда ётган 25 млн эски телефонларга телевизорлар, компьютерлар, планшетлар ва бошқа техникаларни ҳам қўшсак, рақамлар фантастик кўриниш олади. Масалан, АҚШ электроникаси соҳаси айланмаси 1 трлн доллар бўлиб, қарийб 42 млн тонна эски электрон қурилмаларни «ишлаб чиқаради».

Университет мутахассисларининг фикрича, бу муаммони 3D-босма ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Сахажвалла ва унинг ҳамкасблари электрон чиқиндиларни хавфсиз ҳамда тежамкор ҳолда қайта ишлаш жараёнини ишлаб чиқишмоқда. Гап арзон бўлган саноат эритиш технологияси ҳақида бормоқда. Юк контейнери ҳажмидаги бундай микрофабрикалар роботлаштирилган манипуляторлар ҳамда дронлар билан жиҳозланган бўлиб, улар чиқиндини саралайди, шишани пластикдан ажратади. Бу жараённи эса патентланган дастур бошқаради.

Қимматбаҳо металларни сотиб олмоқчи бўлганлар ҳозирданоқ пайдо бўлди – камдан-кам ишлаб чиқариш жараёнида улардан фойдаланилмайди, пластикни эса Сахажвалла эритиш ва 3D-принтерлар учун хомашё сифатида сотишни таклиф қилмоқда. 3D-босма учун харажат материаллари глобал бозори, тахминларга кўра, 2026 йилга келиб 6,6 млрд долларга баҳоланиши эътиборга олинса, пластик олтин ёки кумушдек қийматга эга бўлиши ҳам мумкин, деб ёзмоқда 3ders.

Лойиҳа ҳозирча энг дастлабки босқичда, бироқ муҳандислар қўйилган вазифаларга эриша олсалар, микрофабрикалар иқтисодий фойда келтирувчи нарсага айланади. Бу тизим электроникани жойида қайта ишлаш ва жўнатиш бизнесини номарказлаштириши мумкин, у эса бошқа харажатларни ҳам камайтиради. 

Мавзуга оид