Ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан муваффақиятга эришиш мумкинлигига ҳануз ишонасизми? XX асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан бирининг тарихи аслида муваффақиятга эришиш йўли қандай кечишини кўрсатиб беради.
1. Ҳатто ҳеч ким сезмаган тақдирда ҳам, ишланг
Эрнест Хемингуэйнинг илк "Қуёш ҳам ботади" романи 1926 йилда нашр этилган ва у америкалик ёзувчига эътироф келтирган. Ушбу автобиографик иш ҳануз унинг ижодидаги энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Хемингуэйнинг уруш мавзусига бағишланган, иккинчи "Алвидо, қурол" романи 1929 йилда чоп этилган. Шундан кейин 30 ёшли Хемингуэй ўз авлодининг энг машҳур ва нуфузли ёзувчисига айланган.
Қандай қилиб Хемингуэй атиги уч йилда эътирофга сазовор бўлишнинг уддасидан чиқди?
Канадалик журналист Малкольм Гладуэлл "10 000 соат" қоидасини шакллантирган ва уни оммалаштирган. Унинг моҳияти қуйидагича: бирор ҳунарни мукаммал эгаллаш учун унга 10 000 соат сарфлаш керак. У онгли тажриба ва унинг унумдорлик ҳамда натижага таъсирини ўрганувчи мутахассис К.Андерс Эрикссон тадқиқоти асосида шу ғояни ўйлаб топган.

Албатта, 10 000 соатда кўникмаларни орттириш мисли кўрилмаган хусусиятларга эга бўлишга олиб келмайди. Бироқ бу қоидада бир соғлом фикр мужассам: буюк меҳнат маҳсулини яратиш учун сиз кўп меҳнат қилишингиз керак.
Хемингуэй ўзининг ёзувчилик кўникмасини ўнлаб йиллар мобайнида чархлаб борган. У баъзилар ўйлаганидек бир зумда муваффақият қозонгани йўқ. У ўзининг биринчи романини нашрга чиқаришдан аввал полиция репортёри бўлиб ишлаган, турли журналлар ва ўзи учун очерклар, эссе ва ҳикоялар ёзган. Бироқ муваффақиятга эришган ёзувчини кўрганимизда биз унинг қанчалик тиришқоқлик билан ишлагани ва машҳур бўлиш учун нималардан воз кечишга тўғри келгани ҳақида ўйламаймиз.
Маҳорат сари элтувчи йўл машаққатли ва узоқ бўлади. Доим.
2. Аниқ ва мақсадли ишланг
Эндигина клавиатурада ишлашни ўрганаётганимизда клавишларни секин ва онгли равишда босамиз. Секин-асталик билан биз ҳарфларнинг жойлашувига ўрганиб, бармоқларни қаерга қўйиш ҳақида ўйлашни бас қиламиз. Шу тариқа одат шаклланади, мияга когнитив юк пасаяди.


















