Ақтўбе фожиасидан сўнг ўтказилган йиғилишда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Тошлоқ тумани аҳолисини «ҳароми» деб ҳақорат қилгани ҳақидаги материаллар турли сайтларда, жумладан, «KUN.UZ»да ҳам эълон қилингач, Фарғона вилоятида турли таҳририятларга раҳбарлик қилаётган шахслардан вилоят ҳокимининг қилмишини оқлаш тушунтирилган бир неча мурожаатлар тарқалди.

Таҳририятимизга ҳам навбатдаги хат келди. Бу сафар «Бағдод тонги» газетаси бош муҳаррири Давлатжон Полвоновдан:

«Сезаманки, ёзмоқчи бўлганларим поёнига етмаёқ, мениям лаганбардорга чиқарадилар. Тилёғламачиликда, бир ёқламачиликда айблайдиганлар мени-да ёмонотлиқ қилишади: худди журналист Муҳаммаджон Обидовнинг ёзмишларини «халқнинг устидан кулиш» дея талқин этишгандек ва худди Бош муҳаррир Гулбаҳор Саид Ғани сатрларини «пучмоқ»қа менгзаганларидек. Бироқ, на чора, дилдагини тилга кўчирмасанг, юрак қурмағур тош қотиб, бутун вужудингни ғашлик босиб боравераркан», деб бошлаган у ўз хатини.

Буни бемалол «еб қуйган» вилоятимиз раҳбарини оқлаш, унга пахта қўйишга мажбур бўлиб ёзяпман, илтимос, қаттиқ уришманглар мени», деб тушундим шахсан мен.

Қизиқ ҳолат: Фарғона вилоят ҳокимининг ҳуқуқбузарлигини оқлаб, унинг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасов, фарғоналик журналистлар — Муҳаммаджон Обидов, Гулбаҳор Саид Ғани, мана энди, Давлатжон Полвоновгина ёзишяпти.

Нега Фарғона вилояти ҳокими кечиримли халқидан бир оғиз узр сўраш ўрнига «пропаганда аскарлари»га буйруқ бериб, бутун Ўзбекистон аҳлининг ғашига тегмоқда?

Масалан, бутун туманнинг масъулиятсиз фуқароларини «ҳароми» деб ҳақорат қилиш мумкин экан, шу сўзни масъулиятсизлик билан ишлатган ҳокимни ҳам шу каби сўзлар билан бемалол сийлайверсак бўлаверади, деганими буёғига? Замондан ортда қолиб кетган анавиларнинг ёзган мақолаларидан бемалол шундай қилавериш мумкин, деган хулоса келиб чиқмоқда ахир!

«Пропаганда аскарлари»да озгина бўлса ҳам ор йўқ экан. Сўкдими — жаримасини тўлаб, қонун олдида жавоб бериши керак-да ҳоким. Ҳеч ким осилсин демаяпти-ку! Газеталарингиз бош саҳифасида эшакдек ҳарфлар билан шундай сарлавҳалар остида материал берилиши керак эмасми? Сиз ростдан ҳам журналистми ўзи ё лаганбардорми?