Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида 2013-2015 йилларда барпо этилган намунали уйлар, гарчи қурилганига саноқли йил бўлганига қарамай, уни харид қилганларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани, мутасадди ташкилотлар муаммони ҳал қилишда сансалорликка йўл қўяётгани ҳақида хабар қилган эдик. Баъзи фуқаролар камчиликларни ўз кучлари билан бартараф этишга уринаётгани хусусида фикрлар билдирилди.
Аммо, бу каби ҳолатлар биргина Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида барпо этилган намунали уйларда бўлгандир, деб ўйласангиз хато қиласиз. Юқоричирчиқ тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган 800 га яқин намунали уйлар қўрғонидаги намунали уйларнинг ҳам муаммоси талайгина эканига ўрганишларимиз чоғида гувоҳ бўлдик.

Йўллар асфальт қилинмаган. Биз учрашган фуқароларнинг сўзларига кўра, асфальт қилингани ҳам такрор-такрор мурожаатлардан сўнггина амалга оширилган. Гарчи бу ҳудуддаги Чиқиндини ташиб кетиш хизмати йўлга қўйилмагани боис, аҳоли бу муаммони қандай бартараф этишни ҳануз билмайди.

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг туман бўлими аҳолининг мурожаатларига қарамай, ортиқча чиқинди ташиш машинаси йўқлиги важидан бу муаммони ҳал этишни пайсалга солмоқда.
Бундан ташқари, Илҳом Муҳаммедов ва Саидхўжа Шамсиевнинг айтишича, пудратчилар кўчаларга ёритқичларни ўрнатмаган, аҳоли ўз ҳисобидан пул йиғиб, ёритқичлар ўрнатишмоқда.
Биз уйларга узатилган электр симларининг уланишига ҳам эътибор қаратамиз. Шуми, замонавий турар жойларнинг “намунаси”? Аксарият уй эгаларида кадастр ҳужжатлари ҳам йўқ. Бунга, суҳбатдошларимизнинг айтишича, намунали уйларни қабул қилиш жараёнининг якунланмагани сабабдир.

Бу ерда ичимлик суви муаммоси ҳам бор гап. Аҳоли вакилларига кўра, шу уйлар қурилиши сабаб бир неча пудратчи қурилиш фирмаларининг раҳбарлари қамалиб кетган. “Бизни ажаблантирган нарса, бир кун қарасам, қурувчиларга овқат пишириб юрган ошпазнинг ҳам “прораб” бўлиб олгани бўлди”, - дейди ҳамсуҳбатимиз.
Биз ушбу муаммолар гирдобидан чиқиб, Юқоричирчиқ тумани ҳокимлигига бордик ва ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Элёр Раҳмонов билан учрашдик.
















